22
Трамвай остида қолиб вафот этган “ҳиндулар саркардаси” — Сергей Тихоновнинг аянчли тақдири
Рус киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Ишбилармон кишилар” фильмининг экранларга чиққанига 63 йил бўлганига қарамай, ҳалигача у томошабинларнинг севимли фильми ҳисобланади. Фильмда бола ўғирлаб, унинг отасидан пул талаб қилган икки фирибгарнинг “доди”ни берган шумтакани гавдалантирган актёр Сергей Тихоновнинг тақдири қандай кечгани кўпчиликка қизиқ.
Иқтидорни кашф этиш
Сергей Тихонов Москвада оддий оилада туғилган. Ота-онасининг кинога ҳеч қандай алоқаси йўқ эди, улар ишлаб чиқариш соҳасида меҳнат қилишар ва икки ўғилни тарбиялашарди. 1950 йилда дунёга келган Серёжа кенжа, акаси Евгений эса тўнғич фарзанд эди. Ака-ука ўша давр болалари каби кўп вақтини болалар билан бирга кўча чангитиб ўтказарди.
Қўшнилар Сергейни “кўча безориси” сифатида эслашар: у сўкинишни, ҳазил-мутойиба қилишни ва дўстлари билан кечгача сайр қилишни яхши кўрарди. Шунга қарамай, Тихоновнинг қариндошлари ва танишлари уни яхши кўрарди: у ҳеч қачон бировга озор бермасди, аксинча меҳрибон ва қувноқ бола эди. Тиниб-тинчимаслиги эса Серёжани болалар орасида сўзсиз етакчига айлантирганди.
Айтишларича, Тихонов режиссёр Леонид Гайдай билан автобус бекатида танишган. Бола ота-онаси билан транспорт кутиб турганида, қўшиқ хиргойи қилади, бу эса кино арбобининг эътиборини тортади. Болакайни кўрган Гайдай айнан у Жонни Дорсет ролига мос тушишини тушунади. Пайтни пойлаб, Серёжанинг ота-онасига яқинлашади ва болани кастингга олиб боришни таклиф қилади.
Қизиғи шундаки, ўша пайтда “Ишбилармон кишилар” фильмидаги Жонни роли аллақачон банд бўлган. Дорсет ролини Надежда Румянсева ижро этиши керак эди, у ўша пайтларда киноларда ўғил болалар ролини ўйнарди. Эҳтимол, ҳаммаси дастлабки режа бўйича кетганида, фильм мутлақо бошқача руҳда суратга олинган бўларди.
Бироқ Тихонов кастингда ажойиб истеъдодини кўрсатиб, ролга тасдиқланади: у ҳеч қандай тайёргарликсиз барча туйғуларни ифодалаб, ҳатто режиссёрнинг илтимосига биноан йиғлаб беради. Майдончада ҳозир бўлганларнинг барчаси Тихоновда ноёб қобилият борлигини дарҳол англайди.
Байрамдек ўтган суратга олиш ишлари
“Ишбилармон кишилар” тез орада машҳурликка эришади. Айниқса, ҳеч қандай театр тўгаракларига қатнашмаган оддий мактаб ўқувчиси Сергей Тихоновнинг ролини шунчалик маҳорат билан ижро этгани алоҳида эътиборга сазовор бўлади. У бошқа режиссёрларнинг ҳам эътиборига тушади, улардан бири — Евгений Шерстобитов тез орада ёш актёрни ўзининг янги фильмига таклиф этади.
Ёш актёрни ҳамма яхши кўрарди. Фильмда рол ўйнаган болалар ҳам Сергейни “сардор” деб билишган ва унинг ҳар қандай шумликларига рози бўлишган. Улар тез-тез чўмилгани боришар ёки катта ҳамкасбларига шумлик қилиб туришарди, Тихоновнинг ўзи эса шафтоли деб маҳаллий бир бола билан уришишга ҳам улгурганди.
У билан ишлаш ҳам осон эди: у режиссёрнинг буйруқларини осонгина бажарар, агар матнни унуца, кулгили импровизация қиларди. Шерстобитов Тихоновнинг гаплари учун бир неча бор сценарийни қайта-қайта ёзишга тўғри келганини тан олади. Дарвоқе, фильмда ўйнашга иккиланиб турган Сергей Мартинсон Тихонов билан бир-икки саҳна ўйнаганидан кейин дарҳол ролга рози бўлади. Кейинчалик улар дўстлашиб қолишади.
Ёш актёрнинг ширинликка бўлган муҳаббати суратга олиш майдончасидаги артистлар ва бошқа ходимларга айниқса кулгили туюларди. Серёжа суратга олиш учун тайёрланган реквизитларни еб қўяр, кейин кўз ёши тўкиб сув сўраб юрарди. Евгений Шерстобитов болакайни оталарча севарди ва шўхликлари учун уни ҳар доим олдида олиб юришга тайёр эканини очиқ тан оларди. Режиссёр “Сергей Тихонов — ҳақиқий даҳо” дейишни яхши кўрарди.
Фожиали якун
Кейинчалик Сергей Тихонов “Дубровка” фильмида жиддийроқ рол ўйнайди. Шундан сўнг у экранда кўринмай қолади. Тихоновнинг кейинги ҳаёти ҳақида иккита тахмин бор, улардан бирига кўра, актёр ўз карьерасини давом эттиришга ва театр институтига ўқишга киришга қарор қилади.
Бироқ у ўқишга киролмайди: қабул комиссияларининг барча аъзолари талантли йигитнинг машҳурлигини, актёрлик маълумоти бўлмаса ҳам иш топа олишини баҳона қилиб, уни рад этишади. Натижада Тихонов хизматни ўтаб, яна ўқишга кириш учун армияга кетади. Аммо хизмат вақтида режалар ўзгаради: Сергей қиморга берилиб кетади ва бу зарарли одатдан қутула олмайди.
Кейинчалик у заводга ишга киради, ҳамма пулларини қартада ёки гаровда ютқазади. Ниҳоят Тихонов қарзларини тўлаш учун ота-онасининг уйидаги қўлга илинган буюмларни сота бошлайди. Ўғрилар ва собиқ маҳбуслардан иборат бўлган рақиблари умрининг охиригача Сергейни тинч қўйишмайди. 1972 йилда эса 21 ёшли Тихонов трамвай остида қолиб, вафот этади. Уни душманлари транспорт остига итариб юборгани ҳақида миш-мишлар юради.
Иккинчи тахминга кўра, Сергей ҳатто театр билим юртига киришга уринмаган ҳам. У армияда хизмат қилиб, заводга ишга киради ва тасодифан трамвай остига йиқилиб тушади. Машҳур артист трамвай тагига ўзини ташлаб, жонига қасд қилган деган миш-мишлар ҳам бор, аммо дўстлари ва қариндошлари бу тахминни дарҳол рад этишган. Баъзи ҳамкасблари Тихонов қимор туфайли жанжаллашиб қолган жиноятчиларнинг эътиборини жалб қилишдан қўрқиб, бу ҳақда гапиришни истамайди.
Нима бўлганда ҳам, санъаткорнинг сўнгги ҳаёти ва ўлими ҳақидаги ҳақиқатни аниқлаш даргумон. Сергей вафотидан кейин қариндошлари вазиятни изоҳлашни рад этиб, уларни тинч қўйишни сўрашган. Томошабинлар актёрнинг таржимайи ҳолини режиссёрлар ва бошқа санъаткорларнинг эски интервьюларидан битталаб йиғишган.
Манба: Daryo.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг