date

Фабио Каннаваро билан қанча муддатга шартнома имзоланди?

Фабио Каннаваро билан қанча муддатга шартнома имзоланди?

Хабарингиз бор, Фабио Каннаваро Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи этиб тайинланди. ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ташкил этилган матбуот анжуманида кўплаб қизиқарли саволларга жавоб бериб ўтди.

"Ассалому алайкум, ҳурматли журналистлар, азиз ҳамкасабалар ва футбол ишқибозлари. Бугун мамлакатимиз футболи учун муҳим воқеа — янги бош мураббий иштирокида матбуот анжуманини ўтказиш учун йиғилдик.

Мураббийнинг олдига қўйилган асосий вазифа аниқ: жамоани жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этишга тайёрлаш. Бу йўлда биз унга тўлиқ ишонч билдирамиз. Шу билан бирга, миллий жамоанинг барқарорлигини сақлаш учун Тимур Кападзе ёрдамчи мураббий сифатида фаолиятини давом эттиради.

Ижтимоий тармоқларда турли рақамлар тилга олинмоқда, аммо шуни очиқ айтмоқчиманки — бу миш-миш холос. ЎФА барча жараёнларни қонуний, шаффоф ва ўз имкониятлари доирасида амалга оширган.

Тарихий натижа қайд этиб, Жаҳон чемпионатига йўл олишимизда меҳнати сингган барча мураббийларга, хусусан Сречко Катанец ва Тимур Кападзега чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Жаҳон чемпионати бу катта мусобақа уни бутун дунё томоша қилади ва футбол оммасининг нигоҳи Ўзбекистонга қаратилади. Шу сабабли турнирда муносиб иштирок этиш ва мундиал ҳавосини олиб кириш учун айнан футболчи сифатида иштирок этган мутахассисни жалб қилиш кўзда тутилган эди. ЎФА раҳбарияти ҳамда Мураббийлар кенгаши томонидан жамоамизни Жаҳон чемпионатига тайёрлаш учун италиялик мутахассис — Фабио Каннаваро бош мураббий этиб тайинланиши мақсадга мувофиқ деб топилди.

Каннаваро футбол тарихидаги энг яхши ҳимоячи эди, истаймизми йўқми Жаҳон чемпионатида натижа қайд этиш учун ҳимояни мустаҳкам сақлаш талаб этилади: У Жаҳон чемпиони, “Олтин тўп” соҳиби ва ўз вақтида ҳимояда ишонч, интизом ҳамда етакчилик тимсоли бўлган. Ҳимоявий ўйин услуби натижа беришини кўрдик. Биз ишонамизки, у ўзининг халқаро тажрибаси, профессионал маданияти ва тактикасидаги қатъийлик орқали миллий жамоамизга янги руҳ ва янги тизим олиб киради.

Янги бош мураббий билан 2+3 кўринишида шартнома имзоланди. Биз узоқ муддатли ҳамкорликни устувор деб биламиз. Осиё ва Жаҳон чемпионатларида муносиб иштирок этамиз.

Сречко Катанец бошчилигидаги жамоа билан Жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилгач, шартнома муддати узайтирилиши кўзда тутилган эди. Бироқ бош мураббийнинг саломатлиги кутилмаганда ёмонлашди.

Унинг мураббийлар жамоаси эса академияда, турли терма жамоаларимизда фаолият юритишлари кутилмоқда.

Мураббий тайинлашда халқаро экспертлар, таҳлилчилар ва мураббийлар кенгаши томонидан доимий равишда ўрганишлар давом этди. Тимур Кападзенинг салоҳияти ва мураббийлик маҳоратига заррача шубҳа йўқ, унга нисбатан ҳурматсизлик қилинмади. Мақсадимиз биргаликда халқаро даражада ривожланишдан иборат.

Мақсадимиз ҳар куни ривожланиш, биз футболи ривожланаётган мамлакатлардан биримиз, тизимли равишда ишларимизни йўлга қўйиб олишимиз керак. Каннаваро келиши биланоқ, ёшлар жамоаларимиз мураббийлари билан кўришди, суҳбатлашди, таҳлилий ишларни бошлаб юборди, бу профессионализм.

Ўз ишимизга танқидий ёндашиб, бугун кечагидан яхшироқ бўлишга интилишимиз керак", - дея таъриф бериб ўтди Равшан Эрматов.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Фабио Каннаваро билан қанча муддатга шартнома имзоланди?