
Кеча Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг ҳал қилувчи баҳслари ўтказилди. Мусобақанинг энг баҳсли ва муҳокамали жангларидан бири -60 кг вазн тоифасидаги финал бўлди.
Ушбу тоифада Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси Абдумалик Халоков россиялик Всеволод Шумковга қарши рингга кўтарилди. Финалга яраша жанг юқори суръатда, қаттиқ кураш ва асаббузарликларга бой тарзда ўтди. Икки боксчи ҳам очколар учун охиригача курашди, ҳар бир зарба ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Жанг тақдири сўнгги дақиқаларда ҳал бўлди. Афсуски, Абдумалик очколар бўйича минимал фарқ билан устунликни бой берди — 3:4. Шу тариқа, у жаҳон чемпионатини кумуш медал билан якунлади. Натижа оғриқли, аммо кураш ҳақиқий чемпионларга хос эди.
Бироқ финалдан кейин энг катта муҳокамага сабаб бўлган ҳолат — рингдаги ноодатий ва қабул қилиб бўлмас эпизод бўлди. Жанг жараёнида россиялик боксчи томонидан қоидага зид ҳаракат содир этилгани маълум бўлди: у клинч пайтида Абдумалик Халоковнинг қулоғини тишлаб олган. Бу ҳолат кадрларга тушиб қолди ва ижтимоий тармоқларда тезда тарқалди.
Мазкур воқеа мухлислар ва спорт жамоатчилиги орасида кескин норозилик уйғотди. Чунки бокс — қатъий қоидаларга асосланган спорт тури бўлиб, бундай ҳаракатлар нафақат рақибга, балки бутун мусобақа нуфузига соя солади.
Ҳозирча IBA томонидан расмий баёнот берилмаган, аммо ушбу эпизод бўйича интизомий чоралар кўрилиши эҳтимоли катта. Абдумалик Халоков эса оғир финалга қарамай, ўзини ҳақиқий профессионал сифатида намоён қилди ва жаҳон чемпионатидаги кумуш медали билан юртимиз шарафини ҳимоя қилди.
Қисқаси, натижа аламли бўлса ҳам, Халоковнинг бу финали — тажриба, сабоқ ва кейинги катта ғалабалар учун мустаҳкам пойдевор. Чемпионлик кетди, обрў қолди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.