Гарри Кейн Англия Премер-лигасида қолган Тоттенхемни табриклади

Англия терма жамоаси сардори Гарри Кейн Англия Премер-лигасининг драматик якунланган сўнгги туридан сўнг ўзининг собиқ жамоаси билан боғланди. Ҳозирда Бавария сафида совринлар ютаётган ҳужумчи, қуйи лигага тушиб кетиш хавфидан қутулиб қолган Тоттенхем мухлисларининг қувончига шерик бўлди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Жоау Палиньи томонидан биринчи бўлим охирида урилган гол Тоттенхемга Эвертон устидан 1:0 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди. Бу натижа жамоанинг элитада қолишини таъминлади ва уларнинг рақиби Вест Хемни 2012-йилдан буён илк бор Чемпионшипга равона қилди. Лондонликлар учун ўта омадсиз кечган мавсум якунида деярли 50 йиллик танаффусдан кейин илк бор қуйи лигага тушиб кетиш хавфи бартараф этилди.
Гарри Кейн клубни тарк этган бўлса-да, Шимолий Лондон жамоаси билан алоқани узмаган. У ижтимоий тармоқлардаги ўзининг расмий Х саҳифасида: “Клубдаги барчани, айниқса мухлисларни табриклайман — сўнгги кунда улкан кураш ва ажойиб натижа кўрсатилди!” дея пост қолдирди.
Собиқ жамоаси лигада жон сақлаш учун курашаётган бир пайтда, Гарри Кейн Германияда ўзининг совринлар коллекциясини бойитиш билан банд эди. Англиялик форвард ДФБ Покал финалида Штутгарт дарвозасига ҳет-трик йўллаб, Бавария билан “олтин дубл”ни расмийлаштирди. Бу Кейн учун Германиядаги тўртинчи соврин бўлди.
Венсан Компани қўл остида ушбу мавсумда 51 ўйинда 61 та гол урган Гарри Кейн, айни дамда Шимолий Америкада бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига Англия терма жамоаси сафида йўл олишга тайёргарлик кўрмоқда. Унинг индивидуал кўрсаткичлари рекорд даражада қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!