date

Винисиус Жуниор Килиан Мбаппе билан муносабатлари ҳақида гапирди

Vinicius Junior Kylian Mbappe bilan munosabatlari haqida gapirdi

Реал Мадрид ҳужумчиси Винисиус Жуниор жамоадоши Килиан Мбаппе билан муносабатлари ҳақидаги миш-мишларга чек қўйди. Бразилиялик юлдуз франциялик ҳужумчини "афсонавий" футболчи деб атади ва унинг Сантяго Бернабеуда катта муваффақиятларга эришишига ишонч билдирди. Винисиуснинг таъкидлашича, улар нафақат майдонда, балки унинг ташқарисида ҳам жуда яқин дўстлик алоқаларини ўрнатган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

ОАВда Мбаппе 2024-йилда Реал Мадрид сафига қўшилганидан бери икки юлдуз ўртасида келишмовчиликлар борлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ Винисиус КазеТВ нашрига берган интервюсида буни рад этди: "Мбаппе — ажойиб инсон. У интервюларида, хусусан, Бенфика билан ўйиндан кейинги ирқчилик билан боғлиқ воқеада ҳам мени доим ҳимоя қилди. У Реал Мадрид тарихида ўз изини қолдирадиган афсонавий ўйинчидир".

Ҳужумчилар ўртасидаги алоқа фақат Вальдебебасдаги машғулотлар билан чекланиб қолмайди. Винисиуснинг сўзларига кўра, улар бўш вақтларини ҳам бирга ўтказишади. "Имкон бўлиши билан биз биргамиз, дўстлар каби вақт ўтказамиз. Мен у бу ерга келишидан олдин ҳам унга кўплаб хабарлар ёзиб, биз билан ўйнашини сўраганман. Ҳозирча мухлислар кутганидек совринларни юта олмаётган бўлсак-да, тез орада вазиятни ўзгартирамиз", — дея қўшимча қилди у.

Аввалроқ матбуотда Мбаппе кийиниш хонасида ўзини яккаланиб қолгандек ҳис қилаётгани ва Винисиус уни жамоада "ёмон қаҳрамон" қилиб кўрсатишга уринаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Аммо бразилиялик футболчининг янги баёноти бу гап-сўзлар асоссиз эканини кўрсатмоқда.

Килиан Мбаппе Реал Мадрид сафидаги икки мавсуми давомида Ла Лигада 65 та ўйинда майдонга тушиб, 56 та гол уришга муваффақ бўлди. Франциялик ҳужумчи кетма-кет иккинчи йил 25 та гол билан чемпионат тўпурари сифатида "Piчичи" совринини қўлга киритди ва Ведат Муриқи ҳамда Анте Будимир каби рақибларини ортда қолдирди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Винисиус Жуниор Килиан Мбаппе билан муносабатлари ҳақида гапирди