Энтони Гордон: «Гарри Кейн ҳозирда Лионель Месси даражасида ўйин кўрсатмоқда»

Англия терма жамоаси вингери Энтони Гордон ўз жамоадоши Гарри Кейн ҳақида юқори фикр билдириб, тажрибали ҳужумчини футбол тарихидаги энг буюк ўйинчилардан бири Лионель Месси билан бир қаторга қўйди. Бу эътироф Кейн Жаҳон чемпионати доирасида Конго ДР терма жамоасига қарши кечган ўйинда Англияни мағлубиятдан қутқариб қолганидан сўнг янгради. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Конго ДР терма жамоасига қарши баҳс кутилмаган сценарий остида бошланди: африкаликлар ўйиннинг 7-дақиқасидаёқ ҳисобни очиб, Англияни турнирдан чиқиб кетиш хавфи остида қолдирди. Бироқ, Гарри Кейн ўйиннинг 75-дақиқасида мувозанатни тиклаган бўлса, учрашув якунланишига беш дақиқа қолганида ғалаба голини киритди. Ушбу дубл эвазига Кейн турнирдаги голлари сонини 5 тага етказиб, тўпурарлар пойгасида Эрлинг Холанд билан тенглашиб олди.
Барқарорлик ва меҳнатсеварлик намунаси
Захирадан майдонга тушиб, Кейн томонидан киритилган ҳар иккала голга ассистентлик қилган Энтони Гордон ҳужумчининг профессионализмига тан берди. «У каби элита даражасидаги инсон билан ҳар куни бирга бўлиш ажойиб тажриба. Гарри ҳозирда футболнинг энг юқори чўққисида турибди», — дейди Гордон Goal.com нашрига берган интервюсида.Гордоннинг таъкидлашича, Кейннинг бундай феноменал натижалари тасодиф эмас, балки тиниmsиз меҳнат маҳсулидир. «У шундай мавсумни ўтказяптики, бундай натижани фақат Лионель Месси қайд этиши мумкин эди. Бу унинг қандай савияда эканлигидан далолат беради. У машғулотлардаги ҳар бир зарба устида жиддийлик ва иштиёқ билан ишлайди. У ҳеч қачон хато қилмайди», — дея қўшимча қилди вингер.
Гарри Кейн ўтган мавсумда Бавария сафида 51 та ўйинда 61 та гол уриб, ўз фаолиятидаги энг яхши самарадорликни намойиш этди. 32 ёшга кирганига қарамай, ҳужумчи ўз формасини йўқотмагани кўпчилик мутахассисларни ҳайратда қолдирмоқда. Айни дамда у «Олтин бутса» пойгасида фақат Лионель Месси ва Килиан Мбаппе каби юлдузлардан биргина гол ортда қолмоқда.
Англия терма жамоаси энди 1/8 финал босқичида турнир мезбонларидан бири — Мексикага қарши майдонга тушади. «Ацтека» стадионида кечадиган ушбу баҳсда инглизлар яна ўз сардорининг маҳоратига таянади. Агар инглизлар Мексика тўсиғидан ўта олса, чорак финалда Бразилия ёки Норвегия терма жамоаларидан бири билан тўқнаш келиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…