Ким Чен Ин нега онаси ҳақида ҳеч қачон гапирмайди?

Ким Чен Ин нега онаси ҳақида ҳеч қачон гапирмайди?

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ҳаётига оид кўплаб сирлар мавжуд. Улар орасида энг кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бири — унинг онаси ҳақидаги маълумотларнинг нега қаттиқ сир сақланаётганидир. BBC таҳлилида қайд этилишича, Ким Чен Ин ҳокимиятга келганига 15 йилга яқин вақт бўлганига қарамай, шу кунгача онасининг исмини омма олдида бирор марта ҳам тилга олмаган.

Таҳлилга кўра, бунинг асосий сабаби Шимолий Кореядаги ҳокимиятнинг Пэктусан қон сулоласи ҳақидаги расмий ғояга таяниши билан боғлиқ. Мамлакат тарғиботида Кимлар сулоласининг ҳукмронлиги айнан шу муқаддас авлодга мансублиги билан асосланади.

Kim Chen Ir va an'anaviy kiyimdagi ayol birgalikda surati.

Бироқ Ким Чен Иннинг онаси Ко Ён Хининг келиб чиқиши бу тасаввурга тўлиқ мос келмайди. Маълумотларга кўра, у 1952 йил Япониянинг Осака шаҳрида туғилган. Унинг ота-онаси асли ҳозирги Жанубий Корея ҳудудидаги Чежу оролидан бўлиб, Япония мустамлакаси даврида у ерга кўчиб ўтган корейслардан саналган. Кейинчалик оила Шимолий Кореяга кўчиб келган.

Ўша даврда Япониядан келган корейслар мамлакатда «жжепо» деб аталган тоифага киритилган. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, улар хориж таъсирига учраган қатлам сифатида баҳоланган, давлат назорати остида яшаган ҳамда нуфузли таълим ва юқори лавозимларга эришишда чекловларга дуч келган.

Шунга қарамай, Ко Ён Хи элита санъат жамоасида фаолият юритган вақтда Ким Чен Ирнинг эътиборини қозонган. Гарчи у расмий турмуш ўртоғи бўлмаган бўлса-да, уларнинг уч нафар фарзанди дунёга келган. Кейинчалик айнан улардан бири — Ким Чен Ин мамлакат раҳбарига айланган.

Shimoliy Koreya rahbarlari va ularning oila a'zolari aks etgan shajara diagrammasi.

Таҳлилларга кўра, Ким Чен Ирнинг бошқа фарзандлари ҳам ворис сифатида кўрилган. Бироқ катта ўғли Ким Чен Нам меросий ҳокимият тизимини танқид қилгани ва ислоҳотларни қўллаб-қувватлагани учун отасининг ишончини йўқотган. У 2017 йилда Малайзияда ўлдирилган. Яна бир ўғли Ким Чен Чхол эса турли сабабларга кўра ворисликдан четлатилган. Натижада 2011 йил Ким Чен Ир вафотидан кейин ҳокимият Ким Чен Ин қўлига ўтган.

Экспертлар фикрича, Ким Чен Иннинг онаси ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланиши мамлакатдаги меросий ҳокимият тизимининг легитимлиги билан боғлиқ. Шу сабабли унинг туғилган куни ҳам бобоси ва отасиники каби давлат байрами сифатида нишонланмайди.

Shimoliy Koreya yetakchisi Kim Chen In bayroqlar fonida yaqindan tasvirlangan.

Таҳлилчилар яна бир жиҳатга эътибор қаратади: Ким Чен Ин турмуш ўртоғи Ри Сол Чжу ва қизи Жу Эни жамоатчиликка эрта таништирган. Айрим экспертлар бу орқали у ўз оиласининг қонунийлиги ҳақидаги эҳтимолий саволларга олдиндан жавоб беришга ҳаракат қилган бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.

Мутахассислар фикрича, Ким Чен Иннинг онаси ҳақидаги маълумотлар кенг муҳокама қилиниши мамлакатда йиллар давомида шакллантирилган расмий ғояларга таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис бу мавзу ҳозиргача Шимолий Кореядаги энг ёпиқ ва сирли масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар