Тўйидан олдин Тейлор Свифт хайрияга 26 миллион доллар ажратди

Жаҳонга машҳур хонанда Тейлор Свифт ва америкалик футболчи Трэвис Келсе кутилаётган тўй маросими арафасида АҚШ бўйлаб хайрия ташкилотларига 26 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда жуфтлик вакили маълум қилди.
Маълум қилинишича, маблағ мамлакатнинг турли ҳудудларида фаолият юритувчи 20 та хайрия ташкилоти ўртасида тақсимланган. Улар орасида болалар шифохоналари, озиқ-овқат банклари, таълим дастурлари ва ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар бор. Шунингдек, Нэшвилл, Канзас-Сити ва Нью-Йорк каби жуфтлик ҳаёти билан боғлиқ шаҳарлардаги ташкилотлар ҳам рўйхатдан ўрин олган.
Расмий баёнотда тўй ҳақида тўғридан-тўғри гапирилмаган. Бироқ хайрия акцияси оммавий ахборот воситаларида Нью-Йоркдаги Madison Square Garden мажмуасида ўтказилиши айтилган тўй арафасига тўғри келгани эътиборни тортмоқда.
Эълон қилинган рўйхатга City Harvest, Food Bank For NYC, New York Cares, Los Angeles Regional Food Bank, Harvesters, Feeding America, ASPCA, Dolly Parton’s Imagination Library, Grammy In The Schools, Education Through Music ва бошқа қатор хайрия ташкилотлари киритилган.

Тейлор Свифт хайрия ишлари билан аввалдан машҳур. Масалан, Eras Tour гастроль сафари якунланганидан кейин у жамоаси аъзоларига катта миқдордаги мукофот пуллари ва шахсий миннатдорлик хатларини тақдим этган эди.
Аввалроқ хонанда The Graham Norton Show дастурида бўлаётган тўйи ҳақида гапириб, уни кенг кўламли ва унутилмас тарзда ўтказишни режалаштираётганини айтганди.
Айни пайтда Нью-Йоркда махсус тадбир учун рухсатнома расмийлаштирилгани маълум бўлди. Ҳужжатларга кўра, аввал 100 нафар меҳмон иштирокида тантанаолди учрашуви ўтказилиши, асосий тадбир эса жума куни кечқурун бошланиб, тонггача давом этиши режалаштирилган.
Мухлислар эса жуфтлик томонидан хайрия қилинган 26 миллион доллар рақамига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Улар бу сон Тейлор Свифтнинг омадли рақами ҳисобланган 13нинг икки баравари эканини таъкидлаб, буни рамзий ишора сифатида баҳоламоқда.






























Изоҳлар 0
…