Рустам Акрамов Куперни қўллаб-қувватлашга чақирди

  • 29-11-2018, 23:44
  • 792
  • Спорт
  • Рустам Акрамов Куперни қўллаб-қувватлашга чақирди
    Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Австралияда Ливан ҳамда Жанубий Корея термаларига қарши ўтказган ўртоқлик учрашувларидаги ўйини ва натижалари ҳеч кимни қониқтирмади. Айниқса, корейсларга бирор-бир қаршиликсиз йирик ҳисобда мағлуб бўлганимиз эса хафсалани пир қилгандек бўлди. Натижада бош мураббий Эктор Купер томон жиддий танқидлар ҳам айтилди. Осиё Кубоги бошланишига эса оз фурсат қолмоқда. Купернинг ихтиёрида эса тайёргарлик учун тўлиқ бир ой вақт қолди холос. Август ойида иш бошлаган аргентиналик мутахассис шу вақт давомида нисбатан бўлса-да, ўзбек футболи билан яқиндан танишди, ўйинчиларимизнинг имкониятларини чамалаб олди. Аммо унинг футболга ўз дунёқараши ва фикрлаши бор. У айнан билим ва тажрибасидан келиб чиққан ҳолда жамоани шакллантирмоқда. Аммо кўриниб турибдики, бу йўлда у турли қийинчиликларга дучор бўляпти. Буни ўша Корея билан беллашув яққол кўрсатиб берди.

    “Рекхагель ҳам Грецияни чемпион қилишдан олдин ўртоқлик ўйинларида ютқазган”

    Терма жамоамизни топ-савиядаги мутахассис бошқараётгани сабабли эндиликда унинг ишига ҳамма қизиқиш билан қарамоқда. Аниқроғи, Эктор Купер терма жамоамиз билан нима кўрсата олиши барчани бирдек қизиқтирмоқда. Бунгача Тошкентда КХДР ҳамда Қатар термаларини 2:0 ҳисобларида ютган ўйинларимизда ҳартугул ижобий фикрлар янграганди. Бироқ Австралиядаги иккита учрашув бунинг аксини кўрсатиб берди. Эндиликда Купернинг тажрибасига шубҳа билан қарайдиганлар ҳам кўпайиб қолди. Ҳар ким ўз фикрига эга, албатта. Лекин бу борада футбол мутахассислари қандай фикрдалар? Кўпни кўрган, бой тажрибага эга бўлган Рустам Акрамов ҳам айни пайтда терма жамоамизни диққат билан кузатиб келмоқда. Шу боис мазкур вазият хусусида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

    - Эсингизда борми, Отто Рекхагель деган мураббий? У 2004 йили Греция терма жамоаси билан Европа чемпиони бўлганди. Унгача икки йил давомида мураббий жамоаси билан барча ўртоқлик учрашувларида ютқазиб келди. Аммо Европа чемпионатида Грецияни чемпионлик сари етаклаб кела олганди. Эктор Купер ҳақида ким нима деса десин-у, аммо у жуда тажрибали мутахассис. Мен унинг ишини кузатиб келяпман. Биз бир нарсани унутмаслигимиз керак, футболчиларимизда жаҳон чемпионатида қатнашиш тажрибаси йўқ. Лекин мураббий жамоада ўйин ташкилотчилигини тўғри йўналишда олиб боряпти. Яъни, ҳимоядан ҳужумга ўтишда яхши ўзгаришлар бўлаётгани кўриниб турибди. Хўш, ҳозир ҳамма ўртоқлик учрашувларида ютдик дейлик, аммо Осиё Кубогида ишларимиз юришмаса-чи? Ҳужумда бирор-бир ишни қойиллата олмасак нима бўлади? Майли, ҳозирги пайтда ютқазса ютқазаверсин, ҳеч қиси йўқ. Муҳими, мураббий мана шундай учрашувлар орқали ўз идеаларини амалга татбиқ эта олсин-да. Биласизми, ҳозирги пайтда Куперни танқид қилиш эмас, аксинча, қўллаб-қувватлаш лозим. Мен бош мураббий ҳақида ёмон фикр билдира олмайман. Унинг ишида бирор-бир салбийликни кўраётганим йўқ. У терма жамоамизда ҳаммасини тўғри йўналишда бошлади. Умуман олганда, мен ҳам терма жамоамизнинг Жанубий Кореяга қарши ўйинини кўрдим. Жамоамиз энди-энди ўз ўйинини топиб боряпти. Янги мураббийнинг назарияси бўйича ишлашга ҳаракат қилишяпти. Бундай вазиятда фақат кутиш керак. Сабр қилиш лозим. Сабр таги раҳмон дейишади-ку.

    “Футболда натижа муҳим”

    Шунингдек, бош мураббийнинг қўллаётган тактикаси ҳам ҳаммага бирдек ёқавермаяпти. Чунки унинг такикаси асосан ҳимояга ихтисослашган. У аввало мудофаа чизиғи ҳақида ўйлайди. Лекин натижа учун мураббий жавобгар экан, қандай йўл билан бўлмасин терма жамоамизни муваффақиятлар сари етаклай олиши даркор. Лекин бизнинг футболчиларимиз ҳар доим ҳимоядан ўйнашмагани учун Купернинг тактик услубларига мослашиб олишларига барибир вақт керак бўляпти. Ўз навбатида Рустам Акрамов Купернинг ҳимоявий тактика қўллаётганига ҳам муносабатини билдириб ўтди.

    - Ҳужумкор ўйин кўрсатиб, бешта гол урсангиз-у, аммо ўз дарвозангиздан олтита тўп ўтказиб юбориб, 6:5 ҳисобида ютқазсангиз нима бўлади? Агар шундай тарзда ютқазаверсак, ҳамма мураббийни ёмонлайди, унга танқидлар ёғилади. Биласизми, бундай пайтда ё 1:0 га ютиш, ёки 0:1 га ютқазиш керак. Ҳаммаси аста-секинлик билан бўлади. Купернинг ўйлаган режалари амалга ошиши учун бироз вақт керак. Барчаси бирданига рўй бермайди. Ана, Греция Европа чемпионатида рақибларини қандай ҳисобларда ютиб чемпион бўлганди? Асосан 1:0 ва 2:1 ҳисобларида мағлуб этиб, якунда ўз мақсадига эришганди, тўғрими? Футболда натижа муҳим ва айнан натижа устивор вазифага айланади. Ҳар доим вазиятга яхши ният билан қараш керак.

    “Осиё Кубогидан кейин Куперга баҳо бериш мумкин”

    Аслида Эктор Куперни терма жамоамизни 2022 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиқиш учун олиб келинган. Аммо бунгача ҳам муҳим мусобақалар борлигини унутмаслик керак. Булардан бири эса Осиё Кубоги. 2019 йилнинг январь ойида бошланадиган қитъамиздаги энг муҳим турнирда Ўзбекистон қандай ўйин ва натижа кўрсатади? Куперга эса дастлабки баҳони Осиё Кубогидан кейин берсак адолатли бўларди. Акрамовдан Осиё Кубогида терма жамоамиздан нимани кутяпсиз деб сўраганимизда шундай деди:

    - Осиё Кубогида бизни нима кутяпти? Тўғриси, билмайман. Ҳаммаси футболчиларга ва мураббийга боғлиқ. Асосий мусобақагача бир ой вақт қолди. Яхши томонимизни ҳам, ёмон томонимизни ҳам Осиё Кубоги кўрсатиб беради. Айнан ўша мусобақадан кейин Куперга баҳо бериш мумкин. Жаҳон чемпионати саралаш баҳслари бошланишига ҳали мураббийнинг вақти бор.
    Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди


    Манба: Sports.uz

    » » Рустам Акрамов Куперни қўллаб-қувватлашга чақирди