23:40 / 19.10.2021
2 506

"Насаф"нинг собиқ футболчиси ОФК Кубогидаги ғалаба ва бўлажак ярим финал ҳақида

"Насаф"нинг собиқ футболчиси ОФК Кубогидаги ғалаба ва бўлажак ярим финал ҳақида
Қаршининг “Насаф” клубини ОФК Кубоги ярим финалида жуда жиддий баҳс кутяпти. Ҳозир ўзбек футболи жамоатчилигининг эътибори мазкур тўқнашувга қаратилган.

“Аждарлар”да иккинчи бор ОФК Кубогини ютиш имконияти мавжуд. Илк бор 2011 йили ушбу мусобақада ғолибликни қўлга киритганини барчамиз яхши эслаймиз.

Жамоанинг ўша таркибида тўп сурган футболчилардан бири ва ғалабада катта ҳисса қўшган Лутфулла Тўраев ҳозирда “Бунёдкор” шарафини ҳимоя қиляпти. У Sports.uz мухбири билан суҳбатда ярим финал олдидан фикр билдирди.

- “Насаф”ни ОФК Кубоги ярим финал доирасида Гонконгнинг “Ли Ман” жамоасига қарши муҳим беллашув кутиб турибди. Бу баҳсда собиқ клубингизнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- “Насаф” жамоасининг имкониятини албатта юқори баҳолайман. Ўйлашимча, йигитлар майдонда бор кучини сарфлашади. Улар Ўзбекистон учун ҳам ўйнаб беришади. Юртимиздаги барча ишқибозлар “Насаф”га мухлислик қилишади, деган умиддаман. Худо хоҳласа, “Насаф” ғалаба қозонади.

- “Насаф” олдинги босқичда Ҳиндистон жамоасига олтита гол урди. Энди қаршимизда “Ли Ман” турибди. Одатда, клубларимиз бу мамлакат жамоасига қарши кам ўйнаган. Ўз вақтида “Нефтчи” “Саут Чайна”га қарши ўйнаганини эслаймиз. Сизнингча, “Насаф”нинг бўлажак рақиби қанчалик жиддий?
- Ҳар бир рақибни ҳурмат қилган ҳолда майдонга чиқиб ўйнаш керак. У қайси мамлакат жамоаси бўлишидан қатъий назар ўйинга жиддий тайёрланиш шарт. Анчадан бери Гонконг клубларига қарши ўйнамаганмиз. Тўғри, Қаршидаги бўлажак баҳсда қийинчилик бўлади-ю, барибир “Насаф” ютади деб ўйлайман. Ишонч юқори.

- “Насаф”нинг иккинчи марта ОФК Кубогини ютиш имкониятини қандай баҳолаяпсиз?
- Клубнинг илк бор ОФК Кубогини ютганига 10 йил бўлди. “Насаф”да ОФК Кубогини ютиш учун ҳамма нарса бор деб ўйлайман. Уларга фақат омад тилайман. Ўша Кубокни яна мамлакатимизга олиб келишидан умидворман.

- Ўзингиз ҳам фаолиятингиздаги энг ёқимли бўлган ўша 10 йил олдинги ёрқин ғалабани эслаб турасизми?
- Ҳар доим эслаймиз, яхши пайтлар бўлган. Йигитлар билан бирга ўтирганимизда кўп эслаб турамиз.

- 2011 йилги финалдаги учрашувдан сизда қандай таассурот қолган?
- Финал Қаршида бўлганди. Мухлисларнинг кўз ўнгида ўйнаганмиз, стадион тўлганди. Муҳит бошқача бўлган. Шунга яраша ғалаба қозониб ОФК Кубогини қўлга киритганмиз. Ўйиндан кейин стадионда табрикларни қабул қилганмиз, қисқаси, бошқача муҳит ҳукм сурган. Эсимда, ўшанда ечиниш хонасидан чиқиб, автобусда базамизга қайтишимиз керак эди. Масофа 10-15 дақиқалик йўл холос. Аммо ўша жойга 1 - 1-5 соатда етиб боргандик. Чунки кўчада мухлисларнинг кўплигидан автобус зўрға юрган. Буларни эслаш жуда ёқимли, барибир бошқача бўлган.

- “Насаф”нинг 2011 йилги таркиби билан бугунги таркибини кўп солиштиришяпти. Шахсан сиз учун қайси бири кучлироқ?
- Ҳозирги жамоа асосан иқтидорли ёшлардан ташкил топган. 2011 йилги таркибда ёши катта, тажрибали ўйинчилар ҳам бор эди. Легионерлар ҳам ўйнарди. У пайтда иккита бир хил таркиб бор эди, деб бемалол айта оламан. Менимча, ўша йилги таркиб кучли эди, деб ўйлайман. Ҳозиргиси ёшлардан ташкил топган бўлса-да, таркиби чакки эмас. Назаримда, “Насаф” 2011 йилги чемпионликни такрорлай олади. Бунга қурби етади.

- “Насаф”га 2009 йили келгансиз ва айнан ОФК Кубогини ютгач, жамоадан кетгансиз. Кейинги йили “Насаф” Осиё Чемпионлар лигасида ҳам ўйнаган. Ўшанда нима учун “Бунёдкор”га кетиб қолгансиз?
- Ҳа, “Насаф”да уч йил ўйнаганман. 2012 йили “Бунёдкор” ҳам Осиё Чемпионлар лигасида ўйнарди. Ўз кучимни Тошкент жамоасида синаб кўришни истаб шу клубга келганман.

- Фаолиятингизда “Насаф”даги уч йиллик ҳаётингиз қандай ўрин тутган?
- Тошкентга келиб ўйнашимга сабаб бўлган. “Машъал”да ўйнаганимдан кейин ”Насаф”га ўтганман. 2011 йили Ўзбекистон чемпионатида иккинчи ўринни олганмиз. Кубок финалига чиққанмиз ва ОФК Кубоги соҳиби бўлганмиз. Кўриб турганингиздек, бу мен учун катта роль ўйнаган ва шу орқали “Бунёдкор”га кетганман.

- “Насаф”нинг бу йилги ОФК Кубогидаги иштирокини кузатаётгандирсиз?
- Бўлмасам-чи! Жамоанинг ҳамма ўйинларини кўряпмиз.

- Ярим финалда қандай ҳисобни тахмин қиляпсиз?
- Қанақа ҳисоб бўлишини айтиш қийин. Аввало, ғалаба энг муҳими. Қандай ҳисобда бўлишидан қатъи назар ютиб финалга чиқса бўлди. Ўзбекистон мухлислари “Насаф”ни қўллаб-қувватлайди.

- Клубдаги асосий қурол деб кимни айтган бўлардингиз?
- Асосий қурол дея кимнидир ажратмайман. “Насаф” ўз уйида жуда чиройли ўйнайди. Жамоавий ўйин шаклланган. Гонконг клубига қарши барча футболчилар бир жамоа бўлиб ўйнашади. Юқорида айтдим, уларнинг ортида Ўзбекистон турибди. “Насаф” жамоавий тарзда кучли.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Насаф"нинг собиқ футболчиси ОФК Кубогидаги ғалаба ва бўлажак ярим финал ҳақида