Осиё кубоги санаси ўзгарди: Саудия Арабистонидаги мусобақа 2028 йилда бўлиб ўтади

Осиё футбол конфедерацияси 2027 йилги Осиё кубогининг ўтказилиш муддатини ўзгартириш тўғрисидаги қарорни расман тасдиқлади. Саудия Арабистонида ташкил этиладиган қитъа чемпионати аввал режалаштирилганидан фарқли равишда 2027 йил декабрь ойида бошланиб, 2028 йил январь ойида якунланади.
Бу масала Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилган ОФК Ижроия қўмитасининг 9-йиғилишида кўриб чиқилди. Унда Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти, ОФК Ижроия қўмитаси аъзоси Равшан Эрматов ҳам иштирок этди.
Осиё кубоги қачон ўтказилади?
ОФК Ижроия қўмитаси мусобақани ташкил этиш қўмитаси томонидан аввалроқ қабул қилинган саналарни ўзгартириш ҳақидаги қарорни расман маъқуллади.
Янги тақвимга кўра, Саудия Арабистонидаги Осиё кубоги 2027 йил 23 декабрдан 2028 йил 21 январга қадар давом этади.
Конфедерация маълум қилишича, муддатларни ўзгартиришдан мақсад мусобақани футболчилар, миллий ассоциациялар, мухлислар ва ҳамкорлар учун қулай шароитларда ташкил этишдир.
Равшан Эрматов ҳам йиғилишда қатнашди
Йиғилишга ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа раислик қилди. Унда Осиё футболи ривожи, қитъа миқёсидаги мусобақаларни ташкил этиш, аъзо ассоциациялар ўртасидаги ҳамкорлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Бангкокда бўлиб ўтадиган «AFC Awards Bangkok-2026» тақдирлаш маросими ҳамда соҳил футболи бўйича Осиё кубогига оид ташкилий масалалар кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида ОФК доимий қўмиталарининг ҳисоботлари тингланиб, тасдиқланди.
Шундай қилиб, Осиё футболининг энг муҳим мусобақаларидан бири янги тақвим асосида ўтказиладиган бўлди. Саудия Арабистонидаги қитъа чемпионати 2027 йил охирида бошланиб, 2028 йилнинг дастлабки ҳафталарида ўз ғолибини аниқлайди.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…