date

Хитойлик олимлар ҳаво намлигидан энергия олувчи чўзилувчан генератор яратди

Хитойлик олимлар ҳаво намлигидан энергия олувчи чўзилувчан генератор яратди

Хитойнинг Харбин политехника институти тадқиқотчилар жамоаси кўп маротаба букилиш, чўзилиш ва буралиш ҳолатларида ҳам электр энергияси ишлаб чиқаришга қодир бўлган чўзилувчан намлик-электр генераторини ишлаб чиқди. Атроф-муҳитдаги намликни электрга айлантирувчи гидрогель генераторлари ўзининг юmsҳоқлиги ва эгилувчанлиги туфайли узоқ вақтдан бери олимлар эътиборини тортиб келмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Бундай қурилмалар ақлли кийимлар, тиббий имплантлар ва турли саломатлик датчиклари учун истиқболли қувват манбаи сифатида кўрилмоқда. Бироқ, мавжуд ечимлар жиддий муаммога — гидрогель ва электродлар ўртасидаги ёпишқоқликнинг заифлигига дуч келаётган эди. Деформация пайтида материаллар бир-биридан кўча бошлайди, бу эса ички қаршиликни ошириб, қурилманинг ишлашини ёмонлаштиради.

Хитойлик муҳандислар гидрогель таркибини ўзгартириш орқали ушбу муаммони ҳал қилишди. Улар сув-глицеринли эритувчи қўшиб, материални суюқ металл ва эластик кумуш электродлар билан бирлаштирдилар. Глицерин қўшилиши гидрогель ичида ва электродлар билан чегарада кўпроқ водород боғланишлари ҳосил бўлишига хизмат қилди. Бу қатламлараро ёпишқоқликни яхшилаб, ҳатто кучли механик деформацияларда ҳам ионлар ўтишини осонлаштирди.

Янги конструкция прототипи 0,94 В дан юқори кучланиш ва 141 мкА/см2 ток зичлигини намойиш этди. Қурилма 1040 марта чўзилиш сиклидан кейин ҳам ўз иш қобилиятини сақлаб қолди, 8000 марта 180 даража бурчак остида букилганда эса унинг характеристикалари деярли ўзгармади. Глицерин, шунингдек, материалнинг қуриб қолиши ва музлашига чидамлилигини ошириб, уни турли иқлим шароитларида барқарор ишлашини таъминлади.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, ушбу технология тақиладиган электроника ва тиббий датчиклар учун муҳим энергия манбаига айланиши мумкин. Хусусан, нафас олишни назорат қилиш тизимларида қурилма энергияни бевосита чиқарилаётган ҳаво намлигидан олиши мумкин бўлади. Шунингдек, ушбу усул узоқ муддат хизмат қилувчи юmsҳоқ робототехника ва мосланувчан электроника тизимларини яратишда ҳам қўлланилиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Техно » Хитойлик олимлар ҳаво намлигидан энергия олувчи чўзилувчан генератор яратди