Бугун қонунчиликда қатор ўзгаришлар кучга кирди

Бугун, 1 июндан бошлаб, Ўзбекистон қонунчилигида бир қатор муҳим ўзгаришлар кучга кирди. Электр энергияси ва табиий газ учун янги тарифлар амалда қўлланила бошлади.
Аҳоли ойига 200 кВ-соатгача электр энергияси учун ҳар кВ-соатга 650 сўм тўлайди. Табиий газ эса иситиш мавсумида 500 куб метргача, бошқа мавсумларда 100 куб метргача 1 100 сўмдан ҳисобланади.
Умумбелгиланган солиқ тизимига ўтиш чегараси 1 миллиард сўмдан қарийб 5 миллиард сўмгача оширилди. Бу ўзгариш тадбиркорлар учун қўшимча енгиллик яратади.
Меҳмонхона ва умумий овқатланиш корхоналарида алкогол ҳамда тамаки маҳсулотларини нақд пулга сотишга яна рухсат берилди. Алкогол маҳсулотларидаги рақамли маркировка кодлари ҳам тан олинади.
Кўмир нархларини давлат томонидан белгилаш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинади. Эндиликда нархлар талаб ва таклиф асосида шаклланади.
Халқаро сертификатларга эга солиқ хизмати ходимлари ҳар ой лавозим маошининг 100 фоизигача қўшимча устама олади. Бу маблағлар Солиқ қўмитасининг махсус жамғармаси ҳисобидан қопланади.
Кафе ва ресторанлар ходимларни бир кунлик, уч кунлик ёки бир ҳафталик қисқа муддатларга расмий ишга қабул қилиши мумкин бўлди. Бу мавсумий ишлар ва мижозлар кўпайган кунларда қонуний имконият яратади.
Угом дарёси соҳиллари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида янги қурилиш ишлари тақиқланди. Дарё ҳавзаси ва ирмоқларида гидротехник ҳамда гидроэнергетик иншоотлар қуришга ҳам рухсат берилмайди.
Қурилиш соҳасида назорат кучайтирилди. Энди қўпол қоидабузарликлар учун фақат пудратчи эмас, техник ва муаллифлик назоратчилари ҳам жавобгар бўлади.
Қиймати 3 миллиард сўмдан юқори бўлган йирик ижтимоий объектлар, кўп қаватли уйлар, савдо марказлари, саноат корхоналари ва меҳмонхоналар қурилиши онлайн камералар орқали назорат қилинади.
Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги жазони ижро этиш муассасаларида ёш маҳкумлар замонавий касбларга ўқитилади. Улар дастурлаш, IT ва бошқа рақамли йўналишларни ўрганади.
Коррупция хавфи юқори деб топилган айрим ходимлар махсус диагностикадан ўтказилади. Агар уларда коррупцияга мойиллик юқори бўлса, хавфи пастроқ лавозимларга ўтказилади.
Фармацевтика корхоналари учун янги имтиёзлар берилди. ГMP сертификатини олиш ва халқаро талабларга мослашиш харажатларининг 50 фоизигача қисми давлат томонидан қопланади.
Сув ва салқин ичимликлар учун рақамли маркировка кодлари ҳамкор давлатларда ўзаро тан олинади. Бу маҳсулотлар ҳаракатини кузатишни осонлаштиради ва ноқонуний айланмани камайтиради.
Тадбиркорлар учун божхона тўловларини 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилди. Божхона аудити эса “маслаҳатчи-аудитор” тамойили асосида ишлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!