Ўзбекистонда уй-жой нархи сўмда 4,8 фоизга арзонлади

Ўзбекистонда 2025 йил давомида молиявий шароитлар нисбатан енгиллашди, банк тизими эса эҳтимолий хавфларни қоплаш учун етарли захирани сақлаб қолди.
Марказий банк шарҳига кўра, аҳолининг уй-жой сотиб олиш имконияти яхшиланган ва кўчмас мулк битимлари кўпайган. Бироқ микроқарзлар сифати ҳамда фуқароларнинг ушбу йўналишдаги қарз юки асосий хавфлардан бири бўлиб қолмоқда.
Банк тизимидаги асосий кўрсаткичлар яхшиланди
2026 йил 1 январ ҳолатига Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши 7,7 фоизни, инфляция эса 7,3 фоизни ташкил этган.
Банк тизимидаги муаммоли кредитлар улуши 3 фоизгача камайган. Капитал монандлиги коэффициенти 18,3 фоизга, ликвидликни қоплаш меъёри эса 208 фоизга етган.
Марказий банкка кўра, банклар даромадлилигининг ошиши, депозитлар кўпайиши ва иқтисодиётда долларлашув даражасининг пасайиши молиявий барқарорликни мустаҳкамлаган.
Уй-жой нархи сўмда пасайди
2025 йилда уй-жой нархлари фундаментал иқтисодий кўрсаткичларга яқинлашган.
Миллий валютада ҳисобланган кўчмас мулк нархлари йил давомида 4,8 фоизга арзонлаган. Бироқ сўмнинг мустаҳкамланиши сабабли доллардаги эквивалентда нархлар 1,5 фоизга ошган.
Бу уй-жой нархининг қайси валютада ҳисобланишига қараб, бозордаги ўзгариш турлича кўринишини англатади.
Аҳолининг уй сотиб олиш имконияти ошди
Ҳисоботда номинал иш ҳақи 2025 йил давомида 19 фоизга ўсгани қайд этилган.
Шунингдек, уй-жой харид қилиш қобилияти индекси 115 фоиздан 126 фоизга кўтарилган. Бунга аҳоли даромадларининг ошиши ва ипотека шартларининг нисбатан енгиллашиши таъсир кўрсатган.
Нотариал тартибда расмийлаштирилган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 15 фоизга кўпайиб, 295,4 мингтага етган.
Умумий қарз юки камайди, аммо микроқарзлар хавфи ортмоқда
Аҳолининг кредитларга хизмат кўрсатиш харажатларининг даромадга нисбати 38 фоиздан 37 фоизга тушган.
Бу умумий қарз юки бироз енгиллашганини кўрсатади. Бироқ Марказий банк микроқарзлар сегментида тескари ҳолат кузатилаётганини таъкидлаган.
Хусусан, микроқарзлар бўйича қарз юки ортиб, кредит сифати ёмонлашаётгани доимий назоратни талаб қилмоқда.
Қайси хавфлар банк тизимига таъсир қилиши мумкин?
Стресс-тест натижаларига кўра, базавий сценарийда Ўзбекистон банк тизими барқарорлигини сақлаб қолади.
Аммо кескин салбий иқтисодий шароит юзага келса, айрим банкларда капитал кўрсаткичлари минимал талабларга яқинлашиши мумкин. Шунга қарамай, тизимдаги умумий ликвидлик етарли даражада қолиши кутилмоқда.
Марказий банк асосий хавфлар сифатида қуйидагиларни кўрсатган:
глобал молиявий шароитларнинг қатъийлашиши;
микроқарзлар бўйича кредит хавфи;
киберхавфсизлик таҳдидлари;
иқлим ўзгаришининг иқтисодий оқибатлари.
Регулятор ушбу хавфларни камайтириш учун Basel III талаблари асосида капитал буферларини кучайтириш, кредитлаш талабларини қатъийлаштириш ва молиявий тизимни доимий мониторинг қилишни давом эттиришини маълум қилди.
Умумий манзара ижобий: банклар барқарор, уй-жой сотиб олиш имконияти яхшиланган. Аммо микроқарзлар бозоридаги хавфлар эътибордан четда қолса, бу барқарорликка янги босим пайдо қилиши мумкин.



























Изоҳлар 0
…