Амударё қурияптими? Вазирлик тарқалган хабарларга изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда Амударё қуриб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳолат юзасидан Сув хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдириб, дарёда сув оқими сақланиб қолаётганини маълум қилди.
Вазирлик маълумотларига кўра, 9 октябрь куни Амударёнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келадиган қисмидаги Термиз гидропостида сув сатҳи 239 сантиметрни ташкил этган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 27 сантиметр юқори.
Шу билан бирга, Керки гидропостида сув сарфи секундига 499 куб метрни ташкил қилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан секундига 63 куб метрга кам.
Амударё ҳавзасининг юқори қисмида, Тожикистон ҳудудидаги Вахш дарёсида жойлашган Нурек сув омборига секундига 408 куб метр сув келиб тушмоқда. Ундан эса секундига 320 куб метр сув чиқарилмоқда. Сув омборидаги жами сув ҳажми 10 миллиард 540 миллион куб метрга тенг.
Вазирлик таъкидлашича, сентябрь–октябрь ойларида дарёларда сув сатҳи ва сарфининг пасайиши мавсумий гидрологик жараён ҳисобланади. Вегетация мавсуми якунланиши сабабли сув омборларида кейинги мавсум эҳтиёжлари учун сув захиралари тўпланмоқда.
Расмий идора келтирган кўрсаткичлар Амударёда сув оқими сақланиб қолаётганини кўрсатади. Бироқ Керки гидропостида сув сарфининг ўтган йилга нисбатан камайгани ҳам қайд этилган.






























Изоҳлар 0
…