Ўзбекистоннинг 24 университети дунёнинг энг нуфузли университетлари рейтингига кирди

Ўзбекистоннинг олий таълим тизими халқаро майдонда яна бир муҳим ютуққа эришди. Times Higher Education (THE) халқаро рейтинг агентлиги 24 июнь куни Индонезияда бўлиб ўтган таълим соҳасига бағишланган конгресс доирасида THE Sustainability Impact Ratings 2026 натижаларини эълон қилди.
Мазкур рейтинг дунё олий таълим муассасаларининг БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига қўшаётган ҳиссасини таълим сифати, илмий тадқиқотлар, институционал бошқарув, ижтимоий масъулият, экологик барқарорлик ва халқаро ҳамкорлик каби муҳим мезонлар асосида баҳолайди.
2026 йилги натижаларга кўра, рейтингдан Ўзбекистоннинг жами 50 та олий таълим муассасаси ўрин олди. Уларнинг 24 таси дунёнинг топ-1000 талик университетлари қаторига киришга муваффақ бўлди. Бу мамлакат олий таълим тизимининг халқаро майдондаги рақобатбардошлиги тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Энг юқори натижани Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети қайд этиб, 101–200-ўринлар гуруҳидан жой олди.
Шунингдек, Ўзбекистон Миллий университети ва “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети 201–300-ўринлар, Бухоро давлат университети, Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳамда Термиз иқтисодиёт ва сервис университети эса 301–400-ўринлар оралиғида қайд этилди.
Ўзбекистон университетлари барқарор ривожланишнинг алоҳида йўналишлари бўйича ҳам юқори кўрсаткичларга эришди. Хусусан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети "Гендер тенглиги" йўналишида дунёда 8-ўринни эгаллади. Тошкент давлат техника университети "Арзон ва тоза энергия" йўналишида 5-ўрин, Фарғона политехника институти эса 6-ўринни қайд этди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий педагогика университети "Гендер тенглиги" бўйича 20-ўрин, Термиз давлат университети ва Тошкент ахборот технологиялари университети "Арзон ва тоза энергия" йўналишида мос равишда 36 ва 48-ўринларни эгаллади. Тошкент давлат тиббиёт университети ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт университети эса "Соғлиқ ва фаровонлик" йўналиши бўйича дунёнинг энг яхши 100 та университети қаторига кирди.
Вазирлик маълумотларига кўра, мазкур рейтингда иштирок этаётган Ўзбекистон университетлари сони йил сайин ошиб бормоқда. Агар 2021 йилда рейтингдан атиги 12 та олий таълим муассасаси ўрин олган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 30 тага, 2023 йилда 47 тага, 2024 йилда 53 тага, 2025 йилда эса 59 тага етган. 2026 йилда рейтингга мамлакатнинг 50 та олий таълим муассасаси киритилди ва уларнинг 24 таси топ-1000 таликдан муносиб ўрин эгаллади.






























Изоҳлар 0
…