BYD Канадада 1500 кВ қувватли ўта тезкор қувватлаш станцияларини ўрнатади

Хитойнинг BYD компанияси Канадада ўзининг электромобиллари расман сотувга чиқишидан аввал ушбу мамлакатда юқори тезликдаги қувватлаш тармоғини ишга туширишга тайёргарлик кўрмоқда. Компания яқинда 1500 кВ қувватга эга инновацион технологиясини тақдим этган эди. Иккинчи авлод Бладе батареяси ва 1000 В архитектураси билан жиҳозланган автомобиллар бор-йўғи 5 дақиқа қувватланиш орқали 400 километр масофани босиб ўтиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ушбу кўрсаткич электромобилни қувватлаш жараёнини анъанавий бензинли автомобилларга ёнилғи қуйиш вақти билан тенглаштиради. Шу ҳафтада BYD Торонто шаҳрида тезкор қувватлаш тармоғини маҳаллийлаштириш ва ривожлантириш бўйича менежер лавозимига вакансия эълон қилди. Бу қадам компаниянинг Шимолий Америка бозорига жиддий кириб келишидан далолат беради.
Европа бозори ҳам BYD учун стратегик йўналиш бўлиб қолмоқда. Келаси йил якунига қадар қитъада 3000 га яқин шундай станциялар қурилиши режалаштирилган. Ҳар бир станциянинг тахминий қиймати 580 000 евро эканлигини ҳисобга олсак, лойиҳанинг умумий инвестиция ҳажми қарийб 2 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Тезкор қувватлаш тармоғи, шунингдек, Австралия ва Янги Зеландияда ҳам жорий этилади. Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Африка минтақалари эса ҳозирда режалаштириш босқичида турибди. Аввалроқ Синопек ва BYD ҳамкорлигида ишлаб чиқилган BYD Флаш Чаргер 2.0 станцияси Хитойнинг Венчжоу шаҳрида расман фойдаланишга топширилган эди.





























Изоҳлар 0
…