00:09 / 29.05.2018
4 924

Қуёш машинага қандай таъсир кўрсатади? (инфографика)

Қуёш машинага қандай таъсир кўрсатади? (инфографика)
Фото: «Wkyt.com»
Цельсий бўйича ҳарорат 71,1 даражага чиқса кўп нарса бўлади: тухум пишириш мумкин, сальмонелла бактериялари ўлади, инсон териси учинчи даражали куйиш олади. Жазирамада қуёш тиғи остида турган автомобиль кўрсаткичлар панели 71,1 даражагача қизиши учун бир соат кифоя. Энди шу машина ичида қолдирилган бола бир соатда қандай аҳволга тушишини тасаввур қилаяпсизми?

«Унутилган бола синдроми»

«Bild.de» ёзишича, бу кўнгилсиз воқеа АҚШнинг Теннесси штатида юз берди. Отаси унутиб қолдирган бир ёшли қизалоқ Катера Баркер офтобда қизиб кетган машина ичида нобуд бўлди. Фақат орадан ўн соат ўтиб она қизини топди...

Mэтт Бapкep уйидан 23 май куни эрталаб соат 7.30да асранди қизчаси ва унинг беш ёшли акасини боғчага қўйиш учун машинада йўлга чиқди. Мияси турли режалар билан банд Мэтт ўғлини боғчада қолдирди-ю, орқа ўриндиқдаги қизчани унутди. Ортга қайтгач машинани уйи ёнидаги йўлакда қолдирди, кейин такси чақириб аэропортга, у ердан командировкага учиб кетди...

Кечки пайт болаларни боғчадан олиш учун Жeнни Бapкep борди. Болаларнинг бири йўқ... Нохушликни сезган она соат 17.45 да 911 га қўнғироқ қилди ва уйига чопди. Бу пайтда эса машинада қаровсиз қолдирилган қизча ҳаёт билан видолашиб бўлганди. У шунча вақт ичида қандай азоб тортгани фақат Яратганга аён.

Катера атиги бир ёшда эди.
«Dailу Mail» хабар беришича, ўша куни ҳаво ҳарорати сояда +З2°C ни ташкил қилган, демак, машинада +50°C га чиққан.

АҚШда 2018 йилнинг январь — май ойлари оралиғида машинада қолдириб кетилган олти нафар бола чидаб бўлмас иссиқ туфайли нобуд бўлган. Ҳар йили ўртача 37 нафар америкалик гўдак машиналарда қаровсиз қолдириш оқибатида гипертермиядан ҳалок бўлмоқда — ҳарорати 40 даражадан ошиб кетган тананинг қайта совиши жуда қийин масала.

Афсуски, бу «синдром» бизда ҳам аллақачон пайдо бўлган.

Қайси машина тез қизийди?

Аризона университети ва Сан-Диего тиббиёт мактаби ҳамкорликда турли машиналарни жазирама ҳаво қай даражада қиздириши ва бундан, масалан, икки яшар гўдак қай ҳолатга тушиши мумкинлиги борасида тадқиқот олиб боришди.

Тадқиқотчилар олтита машинани танлаб олишди: ўртача катталикдаги иккита бир хил кумушранг седан, иккита кичик ўлчамли бир хил кумушранг машина ва иккита кумушранг бир хил минивэн. Уч кун давомида машиналар Аризона жазирамасида куннинг турли пайтларида гоҳ қуёшда, гоҳ сояда турди. Машиналар сиртидаги ва ичидаги ҳаво ҳарорати диққат билан қайд этиб борилди (инфографика).

Қуёшда турган автомобилларнинг салонидаги ўртача ҳарорат бир соатда Цельсий бўйича 46,6 даражага чиқди. Бир соат ичида ўртача ҳисоблаганда кўрсаткичлар панели 69,4, бошқарув чамбараги (руль) 52,7, ўриндиқлар 50,5 даражагача қизиган.

Сояга қўйилган автомобилларнинг салонидаги ўртача ҳарорат бир соатда Цельсий бўйича 37,7 даражага чиқди. Бир соат ичида ўртача кўрсаткичлар панели 47,7, бошқарув чамбараги 41,6, ўриндиқлар 40,5 даражагача қизиган.

Машиналар қизиш вақти фарқ қилади: машина қанча кичик бўлса, шунча тез қизийди.

Хавфсираш асослими?

Инсоннинг ёши, вазни, саломатлиги, устидаги кийими каби омиллар ҳам иссиқнинг қай даражада хавфли тус олишида роль ўйнайди. Олимлар болаларни айнан қачон иссиқ уришини олдиндан айтиша олмайди, бироқ бўлиб ўтган ҳодисалар тана ҳарорати 104 даражадан юқорилаб кетганини ва бу зоқ вақт давомида содир бўлганини кўрсатмоқда.

Тадқиқотчилар бу синовларда икки яшар бола моделидан ҳам фойдаланишди. Худди шу тадқиқот шароитларида бу машиналар ичида қолдирилган болани иссиқ уриши учун қуёш остида бир соат, сояда икки соат кифоя қиларди.

P.S. Юртимизда ёз бошланяпти. Ҳадемай жазирама. Болаларни машинада ёлғиз қолдирманг!

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Қуёш машинага қандай таъсир кўрсатади? (инфографика)