Ҳайдовчиларга! Жарималар, камералар ва жарима майдони бўйича янги тартиб тасдиқланди

Ҳайдовчиларга! Жарималар, камералар ва жарима майдони бўйича янги тартиб тасдиқланди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Ўзбекистонда Ички ишлар вазирининг 502-сонли буйруғи билан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш бўйича маъмурий ишларни юритишнинг янги тартиби тасдиқланди.
  • Эндиликда ЙПХ ходимлари қоидабузарликларни планшет орқали электрон шаклда расмийлаштиради ва жойида нақд пулда жарима тўлаш қатъиян тақиқланади.
  • Фоторадарлар қайд этган қоидабузарликлар бўйича маъмурий ишлар 48 соат ичида марказга келиб тушмаса ёки 1 ой ичида жазо қўлланилмаса, иш юритиш тугатилади.

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини (ЙҲҚ) бузиш билан боғлиқ маъмурий ишларни юритишнинг тубдан янгиланган тартиби расман тасдиқланди. Ички ишлар вазирининг 502-сонли буйруғи Адлия вазирлиги томонидан 3969-рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилди ва ҳужжат расмий эълон қилинганидан сўнг 2 ой ўтиб кучга киради.

Янги низом коррупциявий омилларни бартараф этиш, қоидабузарликларни тўлиқ рақамлаштириш ҳамда ҳайдовчиларнинг қонуний ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилган қатор жиддий янгиликларни ўз ичига олган.

Қўлга пул бериш қатъиян ман: Электрон баённома ва бармоқ изи

ЙҲХХ инспекторларининг ҳайдовчилар билан бевосита мулоқоти тўлиқ рақамли тизимга ўтказилади:

  • Планшет ва бармоқ изи: ЙҲХХ ходими қоидабузарликни қоғозда эмас, жойида махсус планшет орқали электрон шаклда расмийлаштиради. Ҳайдовчи баённомани электрон график имзо ёки бармоқ изи (дактилоскопия) орқали тасдиқлайди;

  • Жойида нақд тўлаш тақиқланади: ЙПХ ходими томонидан жойида нақд жарима олиш қатъиян ман этилади. Барча тўловлар фақат банк кассалари, электрон тўлов тизимлари (Click, Payme ва ҳ.к.), мобил иловалар ёки my.gov.uz портали орқали амалга оширилади;

  • Бодикамера ва холислар: Агар ҳайдовчи мастлик ҳолати бўйича текширувдан бош тортса ва ЙПХ ходимида фаол хизмат бодикамераси бўлса, эндиликда холислар (гувоҳлар) талаб қилинмайди — видеоёзув тўғридан-тўғри баённомага бириктирилади.

Фоторадар ва камералар: Иш қайси ҳолатда бекор қилинади?

Автоматлаштирилган камералар қайд этган қоидабузарликлар бўйича ҳайдовчилар фойдасига муҳим кафолатлар белгиланди:

  • 48 соатлик қатъий қоида: Агар камера қайд этган қоидабузарлик тўғрисидаги маълумот 48 соат ичида ҳудудий марказга келиб тушмаса, маъмурий иш юритиш тугатилади;

  • Автомобиль эгаси топилмаса: Транспорт воситасининг мулкдори ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам иш ёпилади;

  • 1 ойлик муҳлат: Камералар қайд этган қоидабузарлик бўйича маъмурий жазо чораси ҳодиса содир этилган кундан бошлаб кўпи билан 1 ой ичида қўлланилиши шарт.

Чегирмалар тизими ва истиснолар

Ҳайдовчиларни рағбатлантирувчи мавжуд енгилликлар сақлаб қолинди, бироқ уларнинг амал қилиш доирасига аниқлик киритилди:

  • 50% ва 70% лик имтиёз: Жарима 15 кун ичида тўланса — унинг 50 фоизи, 30 кун ичида тўланса — 70 фоизи тўланади;

  • Чегирма қачон куймайди?: Жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинса ёки қоидабузарлик бир йил давомида қайта содир этилса, чегирма амал қилмайди;

  • Истисно моддалар: 131-модда (транспортни маст ҳолда бошқариш), 136-модда (текширувдан бош тортиш) ва 140-моддалар бўйича солинган жарималарга нисбатан ҳеч қандай чегирма қўлланилмайди.

60 кунлик муҳлат, жарима майдони ва шикоят тартиби

Қарор ижросини таъминлаш ва низоли вазиятларни ҳал этиш бўйича қуйидаги регламент ўрнатилди:

  • Жарима майдонига олиб кетиш: Агар жарима 60 кун ичида тўланмаса, транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилади. Аммо тўлов тўлиқ жойида амалга оширилса, машинани жарима майдонига олиб кетиш тақиқланади;

  • 10 кун ичида шикоят: Қарор нусхасини олган кундан бошлаб 10 кун ичида юқори турувчи органга ёки судга шикоят киритиш мумкин. Муҳими, шикоят кўриб чиқилгунга қадар қарор ижроси расман тўхтатиб турилади;

  • Экстерриториаллик тамойили: Ҳайдовчилар яшаш жойи ёки рўйхатдан ўтган ҳудудидан қатъи назар, «ягона дарча» ва «опен спаcе» тамойиллари асосида республиканинг исталган ЙҲХХ марказига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар