Сенат ялпи мажлисида сенатор ва Автойўллар қўмитаси раиси йўлларни таъмирлаш сифати, уларнинг хизмат муддати ва экспертизаси ҳақида баҳслашди.
Олий Мажлис Сенатининг 20–21 октябрь кунлари бўлиб ўтган XX ялпи мажлисида парламент юқори палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов ҳамда Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев ўртасида баҳсли ҳолат юзага келди.
Қўмита раиси сенаторнинг маърузасида таъкидлаб ўтилган масалалар юзасидан кескин муносабатини билдирди. Бунга жавобан Қутбиддин Бурҳонов ҳам ўз фикрини билдирди.
“Сенаторимиз автомобиль йўлини жорий таъмирлаш ишлари бажарилгандан сўнг унинг хизмат қилиш муддатига нисбатан талаб белгиланмагани ва бу ҳол жиддий муаммоларга сабаб бўлаётгани ҳақида фикр билдирдилар. Биз 30 сантиметрлик ямоқдан тортиб катта ямоқларгача йўлларни жорий таъмирлаш деб ҳисоблаймиз.
Жорий таъмирланган йўлларнинг хизмат қилиш муддатини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгилаш мумкин эмас, дунё бўйича ҳеч қаерда бундай нарса йўқ. Чунки кичкина “яма” ҳам, каттаси ҳам жорий таъмирлаш ҳисобланади. Уни жойида сифатли қилиш керак, бўлди, бошқа нарса керакмас, мен шундай деб ҳисоблайман”, – деди Абдураҳмон Абдувалиев.
Ўз навбатида, Қутбиддин Бурҳонов қўмита раисининг иддаоларини рад этиб, амалга оширилаётган йўл қурилиши сифатини танқид қилди ва ҳар бир қилинган ишнинг кафолати бўлиши кераклини таъкидлади.
“Сиз раҳбарлик қилаётган Aвтомобиль йўллари қўмитаси тасарруфидаги ташкилотлар таъмирлаган йўллар қайсидир масофадан бошланиб, белгиланган масофанинг охирига етилганда бошида таъмирланган асфальт кўчиб кетаётган ҳолатлар бор. Яъни таъмирдан кейин йўлларнинг сифати бир йил у ёқда турсин, бир ойга ҳам бормаяпти. Мен капитал таъмирлаш ҳақида гапираётганим йўқ.
Қопламаси кўчиб кетган ёки ўйдим-чуқур йўлларни жорий таъмирлаш ҳақида ўзингиз гап очдингиз. Шу сабабли маълумот бераётганда ҳолатга объектив баҳо бериш керак. Мен жорий таъмирланган йўлларнинг хизмат кўрсатиш муддатини белгилаш ҳақидаги фикрларимни экспертлар гуруҳи билан бирга вазиятни ўрганганимдан кейингина айтяпман. Ҳар бир қилинган ишнинг кафолати бўлиши керак. Кафолатсиз қилинган иш мана шундай нотўғри хулосаларга олиб келади”, – дейди Қутбиддин Бурҳонов.
Қутбиддин Бурҳонов
Сенатор ялпи мажлисдаги чиқиши давомида ҳозирги кунда йўл қурилиши соҳасида пудратчи томонидан бажарилаётган қурилиш-монтаж ишлари сифатини аниқлаш бўйича синов лабораторияси айнан пудратчининг ўзи томонидан жалб қилинаётган ҳолатлар мавжудлиги, бу эса тизимда коррупциявий омилларни юзага келтираётганига эътибор қаратганди. Абдураҳмон Абдувалиев мажлис иштирокчиларини ушбу тизим ўзини оқлаётганига ишонтиришга уринди.
“Бутун дунё бўйича 1927 йилдан бошлаб қўллаб келинаётган тизимга асосан, пудратчи томонидан бажарилаётган йўл қурилиш-монтаж ишлари сифатини аниқлаш бўйича синов лабораториясини ўзи ёллайди. Бу тизим Францияда ишлаб чиқилган. У ерда инспекциялар ҳам, бошқаси ҳам йўқ. Майли, бу бошқа масала.
Мисол учун, биз халқаро молиявий институтлар иштирокида бу йил 154 млн долларлик иш қиламиз. У ерга инспекция [Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси назарда тутилмоқда – таҳр.] киришга ҳаққиям йўқ, киролмайди ҳам. Сабаби халқаро банкларнинг талаби бўйича ўртада консультант олинади ва у қуриб фойдаланишга топшириладиган йўлларни қабул қилиб олади. Консультант йўлни қабул қилиб олгандан кейингина биз халқаро молия институтлари томонидан ажратилган маблағдан бажарилган ишларнинг пулини тўлаб берамиз.
Биз ўзимизни қайта-қайта текширувдан ўтказиб бориш, бажарилаётган йўл қурилиш-монтаж ишлари сифати меъёрдагидан пасайиб кетмаслигини назорат қилиш учун синов лабораториясини ёллаганмиз. Марҳамат, агар хоҳласа, инспекция ҳам келиб текширсин, бошқа ташкилотлар ҳам бизни текширади. Қурилиш сифатини баҳолаш учун ўзимизнинг лабораториялардан ташқари мустақил лабораторияларни ёллашимиз хотиржамлигимиз учундир.
Президентимиз жорий йилда ички хўжалик йўлларини таъмирлаш учун жуда катта – 3 трлн сўмдан ортиқроқ пул ажратдилар. Бунақаси ҳеч қачон бўлган эмас. Ўн йиллар давомида ҳам шунча пул ажратилган эмас. Илгари минг км атрофида йўллар таъмирланган бўлса, қарор бўйича 10100 км йўл таъмирланиши керак эди, биз бу режани 16600 км қилиб бажардик. Мана шу йўлларнинг сифатини текшириш учун ҳам консалтинг-лабораториясини жалб қилганмиз. Улар йўлни қабул қилиб олгандан кейин, ишчи комиссияда маҳаллий депутатлар қабул қилиб олишгандан сўнггина пудратчига бажарилган ишлар учун шартномада белгиланган пулни ўтказиб берамиз”, – дейди Абдураҳмон Абдувалиев.
Сенат қўмитаси раиси хизмат ҳақини қўмитадан оладиган лаборатория хулосаси холис бўлишини шубҳа остига олди.
“Лаборатория масаласига келсак, йўлларнинг сифатини баҳолайдиган муассаса холис бўлиши керак. Қўмита томонидан ёлланган фирма қандай қилиб холис хулоса бера олади? Шу сабабли сенаторларга ахборот бераётганда ўзингиз ҳам холис бўлишингизни сўрардим”, – деди Қутбиддин Бурҳонов.
Сенатор ўз чиқишида йўллардаги таъмирлаш ишлари сабаб юз берган ЙТҲлар бўйича Автомобил йўллари давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотлар бир-бирига зидлиги, бу иккита ташкилот орасида ҳамкорлик йўлга қўйилмаганининг белгиси эканини айтганди.
Абдураҳмон Абдувалиев бунга жавобан йўллардаги носозликлар натижасида юзага келган авариялар ҳисобини юритиш бўйича йўл ҳаракати хавфсизлигига доир қонун ҳужжатлари билан Автомобиль йўллари қўмитасига ҳеч қандай мажбурият юклатилмагани, лекин шунга қарамай бундай ҳисоб-китоб олиб борилишини ва ушбу статистик маълумотлар ИИВ ЙҲХББ маълумотлари билан мос келишини таъкидлади. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...