Фото: «РИА Новости»
АҚШ Украинага сезиларли даражада ёрдам беряпти, лекин бу Россия билан ҳарбий низода ғолиб бўлиш учун етарли эмас. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский CNN’га берган интервьюсида айтиб ўтди, деб ёзади «РБК».
«Биз бу ёрдам кўпайтирилишини хоҳлаймиз. Биз еримиз учун курашяпмиз, турли мамлакатлардан келган одамлар бизнинг ҳудудимиз учун жанг қилишини истамаймиз. Аммо АҚШ — бу жаҳон иқтисодиёти ва улар бизга қурол билан ҳам, молиявий жиҳатдан ҳам ёрдам бера олади», — дея таъкидлади у.
Зеленский Украина ҳалигача Шимолий Атлантика альянсига қўшилмаганини хатолик деб атади. «Фақат шуни айтишим мумкинки, Финляндия ва Швециянинг НАТОга қабул қилиниши — бу тўғри қарор. Украинани қабул қилишни рад этиш — бу нотўғри қарор», — дея қайд этди Украина етакчиси.
Унинг таъкидлашича, ҳозир «бутун дунё» Украинага ёрдам бериб, гуманитар, молиявий ёки ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда, бироқ, Зеленскийнинг фикрича, «бунинг осонроқ йўли бор эди». «Украинани НАТО аъзоси сифатида қабул қилиш мумкин эди. Бу одамлар тасаввур қилганидан кўра анча осонроқ бўларди», — дея хулоса қилди Украина президенти.
Украинада Россия махсус операцияси бошланганидан буён Киев бир неча марта НАТОдан уни альянсга қабул қилишни сўради, бироқ ушбу масалада ижобий ечимга эриша олмади.
Альянс Украинани ўз таркибига қабул қилишга шошилмади, бироқ Россиянинг хавотирларига жавобан, очиқ эшиклар сиёсатини олиб бораётганини маълум қилди. Зеленский, ўз навбатида, бу сиёсатни Киев метросидаги эски турникетларга қиёслади. «Улар очиқ туради, лекин яқинлашганингизда, тўлов қилмагунингизча, турникетлар ёпилиб туради. Наҳотки Украина етарлича тўламаган бўлса?» — деган эди у.
Зеленский Украина НАТОдам хавфсизлик кафолатларини олиши зарурлигини, шунингдек, ташкилот аъзолари мамлакатга умумий хавфсизлик маконидан жой топиб бериши кераклигини бир неча марта таъкидлаб ўтган.
Кремль Украинанинг НАТОга қўшилиши эҳтимолини хавф сифатида баҳоламоқда. Россия президенти Владимир Путин альянс низомида коллектив мудофаа тўғрисида модда борлигини, Украина ҳужжатларида эса «Қримни ҳарбий йўл билан қайтариб олиш мумкинлиги» ёзиб қўйилганини қайд этганди. Шу тариқа, Киевнинг альянсга кириши Москва ва НАТО ўртасида ҳарбий низога олиб келиши мумкин, деган эди у.
Кил жаҳон иқтисодиёти институтининг Ukraine Support Tracker лойиҳаси маълумотларига кўра, февраль охиридан буён Киевга йўналтирилган халқаро кўмак ҳажми 75 миллиард доллардан ошган, ҳарбий ва гуманитар ёрдам бўйича энг йирик донор эса АҚШ бўлди (25 миллиард доллар). “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди