Фото: РИА Новости
Март ойида Запорожье атом электр станциясини эгаллаб олган Россия қўшинлари унинг ҳудудини миналаб қўйган бўлиши мумкин. Бу ҳақда The Insider нашри 5 август оқшомида босиб олинган станциядаги ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр суҳбатдошларидан бири 2 август куни биринчи ва иккинчи энергия блоклари ўртасида тўхтаган Россия ҳарбий юк машиналари карвони АЭС ҳудудига етиб келгани ҳақида гапирди. Бироз вақт ўтгач, карвоннинг бир қисми бирин-кетин юк дарвозалари орқали биринчи энергия блокининг машина зали ҳудудига кира бошлаган. Манбанинг фикрича, машина зали миналаб қўйилган. The Insider нашри тарқатган видеода юк машиналари станцияга кириб кетаётганини кўриш мумкин.
Нашрнинг иккинчи манбаси айтишича, станция атрофидаги ҳудуд РФ ҚК томонидан миналанган. У Запорожье АЭСда жойлашган Россия гуруҳи сонини 500 нафар рус аскари атрофида баҳолади, улар зирҳли транспорт воситалари, зенит қурилмалари ва радиокимёвий разведка ускуналари билан жиҳозланган. Ушбу маълумотга кўра, «Град» батареялари АЭСга энг яқин бўлган Водяное қишлоғи яқинида жойлаштирилган, Россия ҳарбийлари мина ва ўқ-дориларни эса энергия блокларига яқин жойда сақлаяпти. Энергия блокларидан бири миналаб қўйилганми ёки йўқми, The Insider’нинг иккинчи суҳбатдоши буни билмайди.
Айни пайтда, Украинанинг «Энергоатом» давлат энергетика компанияси 6 август куни Запорожье АЭС бир кун аввал Россия қўшинлари томонидан ялпи ўт очиш реактив тизимлари билан икки марта ўққа тутилганидан сўнг радиация ва ёнғин хавфсизлиги нормалари хавфи остида ишлаётгани ҳақида огоҳлантирди.
«Ўқ отилиши натижасида азот-кислород станцияси ва қўшма ёрдамчи корпус жиддий зарар кўрди. Водороднинг сизиб чиқиши ва радиоактив моддалар тарқалиши хавфи ҳамон сақланиб қолмоқда, ёнғин хавфи ҳам юқори», - дейилади идора хабарида. Шу билан бирга, «Энергоатом» АЭСнинг украиналик ходимлари «ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, зарар оқибатларини бартараф этиш учун ишлашда ва барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишда давом этишини» таъкидлади.
Россия томони станциянинг ўққа тутилишига алоқадорлигини рад этмоқда. Энергодар шаҳрининг оккупацион «маъмурияти» бу зарбада УҚКни айблади. Америка Урушни ўрганиш институти (ISW) 5 август кунги ҳисоботида Запорожье АЭСни қайси томон ҳақиқатда ўққа тутганини аниқлашнинг ҳозирча имкони йўқлигини ёзди.
Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) ЗАЭСдаги вазиятдан хавотирда. Унинг бош директори Рафаэль Гросси 3 август куни AP агентлигига берган интервьюсида Россия ҳарбийлари томонидан босиб олинган электр станциясида «ҳаммаси бўлмаса ҳам, аксарият» хавфсизлик чоралари бузилганини айтди. Шу сабабли Запорожье АЭС реакторларнинг эриб кетиши «эҳтимоли бор», дея таъкидлади эксперт.
Шу билан бирга, Украина президенти Володимир Зеленский 5 август куни кечки видеомурожаатида станциядаги вазият туфайли Россия атом саноатига қарши санкциялар жорий этишга чақирди.
«Бугун босқинчилар Европада ҳамма учун яна бир ўта хавфли вазиятни юзага келтирди – улар Запорожье АЭСни бир кунда икки марта ўққа тутди», — деди президент бу Европадаги энг йирик АЭС эканини эслатиб. «Ушбу объектни ҳар қандай ўққа тутиш очиқдан-очиқ жиноят, террор актидир. АЭСга таҳдид яратганининг ўзи учун Россия жавобгар бўлиши керак».
Украина президенти станциянинг ўққа тутилишини «Росатомдан тортиб, барча тегишли компаниялар ва шахсларга қадар – бутун Россия атом саноатига нисбатан қаттиқ санкциялар қўллаш фойдасига далил» деб атади: «Бу фақат хавфсизлик масаласидир. Ким бошқа халқлар учун ядровий таҳдидни юзага келтирса, бу унинг ўзи ҳали ядровий технологиядан хавфсиз фойдаланишга қодир эмаслигини англатади». “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин