
Икки йил давомида Ислом динини ўрганган украиналик Виктория Бехузлова 49 ёшида шаҳодат калимасини айтди. Бу ҳақда Туркия Диёнат ишлари вазирлиги расмий сайти ёзмоқда.
Украина фуқароси Виктория Бехузлова Чаноққалъа вилояти муфтийлигида бўлиб ўтган маросимда иймон неъматига мушарраф бўлди.
Айтишларича, Украинанинг Луганск шаҳрида яшаган Виктория Бехузлова ҳаёт ва охират ҳақида тафаккур қилиш жараёнида Ислом динига қизиқиб қолган. Шундан сўнг у 2 йил давомида Қуръони каримнинг рус тилидаги маънолар таржимасини ўқиб, Ислом динини чуқурроқ ўрганди. Шу билан бирга мусулмонларнинг турмуш тарзи ва ахлоқлари билан қизиқди. Мусулмон дўстларидан ўзи тушунмаган жиҳатларни сўраб ўрганди.
Виктория изланишлари натижасида мусулмон дўстлари тавсияси билан ҳозирда ўзи яшаб турган Чаноққалъа вилояти муфтийлигига мурожаат қилди. Вилоят муфтийси Шукру Кабукчу маросимда йиғилганларга Ислом дини ҳақида, жумладан, муслима аёлларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида гапириб берди.
“Изланишлари натижасида ислом динини ўрганиб, дўстлари таъсирида динимизни танлаб мусулмон бўлган синглимизни чин қалбимдан табриклайман. Аллоҳ таоло узоқ умр, саломатлик, фаровонлик ва иймон-эътиқод ато этсин”, дея дуо қилди муфтий ҳазратлари.
Виктория Бехузлова шу ерда ўз исмини Малак дея ўзгартирганини эълон қилди.
Маросим сўнгида вилоят муфтийси Малак Бехузловага “Мусулмонлик шаҳодатномаси”ни, шу билан бирга Қуръони карим таржимаси ва бошқа диний китобларни совға қилди.
Аҳмад Али тайёрлади

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар