«Альфа-Банк» тузилмаларининг расмий вакили - ABH Holdings SA компанияси Украинага қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиб, банкнинг Украина бўлинмаларини «мажбурий миллийлаштириш йўли билан» экспроприация қилишдан етказилган зарарни қоплашни талаб этди. Компания, 4 январ куни ABH Holdings SA сайтида эълон қилинган пресс-релизга кўра, зарар миқдорини 1 миллиард доллардан ортиқроққа баҳолаган.
«Даъво Вашингтон, Колумбия округидаги Жаҳон банки шафелигида инвесторлар ва давлатлар ўртасида келишмовчиликларни ҳал қилиш бўйича дунёдаги етакчи орган – Инвестицион баҳсларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказ (ICSID)га берилган», — дейилади хабарда. Унда Украина банкни эгалари, бенефициарлари ва акциядорларидан ноқонуний равишда тортиб олгани ҳамда уни «рейдерлик ва урушдан фойда олиш комбинациясидан фойдаланган ҳолда» мажбуран миллийлаштиргани даъво қилинган. Бундан ташқари, ABH Holdings маълумотларига кўра, Украина расмийлари банк асосий акциядорларини обрўсизлантириш, уларга қарши «қора PR» усулларини қўллаш кампаниясини бошлаган.
ABH Holdings акциядорлари қаторига Россиянинг «Альфа Груп» компанияси ҳаммуассислари Михаил Фридман ва Петр Авен киради. Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан кейин «Альфа-Банк»нинг Украина бўлинмаси Sense Bank деб ўзгартирилди. Ўшанда унинг эгалари бошқарувдан четлаштирилди. Украина ҳукумати қарори билан Sense Bank 2023 йилнинг ёзида миллийлаштирилди ва мамлакатда ҳарбий ҳолат тугагунга қадар давлат назорати остида қолади.
Октябрда ҳакерлар банк мижозлари базасига бузиб кирди
Украинанинг Kiborg ҳакерлар гуруҳи «Альфа-Банк» мижозлари базасини бузиб кирди, бу ҳақда «Важные истории» нашри октябр ойи ўрталарида ёзган эди. Бузиб кириш ҳолатини тасдиқлаш учун гуруҳ томонидан қўлга киритилган банк мижозларининг баъзи шахсий маълумотлари Kiborg расмий сайтида эълон қилинди: фамилиялар, исмлар, телефон рақамлари, карталар ва ҳисобрақамлар. Улар орасида Михаил Фридман, дизайнер Артемий Лебедев, Рус православ черкови архиереи Константин Копилов ва бошқалар бор. «Альфа-Банк» матбуот хизмати бузиб кириш ҳақидаги хабарларни «фейк» деб атади.
Британияда Фридманда ўтказилган тинтувлар ноқонуний деб топилди
2022 йил декабр ойида Фридманнинг Лондондаги Athlone House қароргоҳида 50 нафар полициячи иштирокида кенг кўламли тинтувлар ўтказилди. Жиноятчиликка қарши кураш миллий агентлиги ўшанда хабар қилганидек, NCA клептократияга қарши кураш бўлинмаси ходимлари 58 ёшли гумонланувчи ва яна икки кишини қўлга олган, бироқ улар тез орада гаров эвазига қўйиб юборилган. Бундан ташқари, бир нечта рақамли қурилмалар ва катта миқдордаги нақд пул мусодара қилинган.
The Times нашрининг ёзишича, кейинроқ расмийлар Фридманнинг уйини тинтув қилиш ноқонуний эканини тан олган ҳамда NCA унга ҳуқуқбузарлик учун компенсация тўлаши, суд харажатларини қоплаши ва мусодара қилинган пулни қайтариши кераклиги белгиланган.
Украина Михаил Фридманни қидирувга берди
Михаил Фридман Буюк Британия, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан санкциялар остида қолган. 2023 йил августида Украина прокуратураси унга нисбатан Sense Bank’дан маблағларни олиб чиқиш гумони бўйича жиноий иш қўзғатди. Украина Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, тахминан 700 миллион гривна (1,8 миллиард рубл) мамлакат ташқарисига ўтказилган.
Сентябр ойида Украина Хавфсизлик хизмати россиялик тадбиркорга Украинадаги урушни молиялаштириш бўйича гумонларни илгари суриб, декабр ойи охирида уни қидирувга берган эди. «СБУ» маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери Фридман бир нечта рус ҳарбий заводларига 2 миллиард рублга яқин сармоя киритган. Бошқа нарсалар қаторида, гап Россиянинг жанговар самолётлари ва вертолётлари учун юқори технологияли ускуналар ишлаб чиқарадиган Тула патрон заводи ва Яламов номидаги Урал оптика-механика заводи ҳақида бормоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг