22:40 / 15.11.2024
10

Исроил Эрондаги махфий ядро лабораториясини йўқ қилди

Исроил Эрондаги махфий ядро лабораториясини йўқ қилди
Фото: Maxar Technologies
Октябр ойида Исроилнинг Эрон ҳарбий объектларига берган зарбалари оқибатида Теҳрон яқинидаги ядровий қурол тадқиқот маркази вайрон бўлди. Бу ҳақда Axios нашри Исроил ва АҚШ расмийларига таяниб хабар берди.

Гап Эрон пойтахтидан тахминан 30 километр жануби-шарқда Парчин ҳарбий мажмуаси ҳудудидаги Телеган-2 иншооти ҳақида кетмоқда. 2003 йилда «музлатиб» қўйилгунга қадар у Эроннинг ядро қуроли дастурининг бир қисми эди.

Тахминларга кўра, ушбу объектда ядровий қурилмани ҳаракатга туширувчи портловчи моддалар синовдан ўтказилган. Зарба оқибатида бундай тадқиқотлар учун мўлжалланган мураккаб ускуналар йўқ қилингани таъкидланмоқда.

АҚШ ва Исроил разведка хизматлари объектдаги фаолликни йил бошида пайқаган. Нашр манбаларининг даъво қилишича, Эрон ядро қуролини яратишда қўлланилиши мумкин бўлган, бироқ айни пайтда фуқаролик ядровий дастури доирасида тақдим этилган жойда тадқиқот ишларини қайта бошлаган.

«Улар ядровий қурол ишлаб чиқаришга асос соладиган илмий изланишлар олиб борган. Бу сир эди. Бу ҳақда Эрон ҳукуматининг оз қисмигина биларди», деди манбалардан бири.

Нашр эслатишича, АҚШ президенти Жо Байден октябр ойидаги Исроил зарбасидан олдин бош вазир Бинямин Нетаняҳудан Эрон билан уруш қўзғатмаслик учун ядро обектларига ҳужум қилмасликни сўраган эди.

Axios манбаларининг таъкидлашича, объектнинг вайрон бўлиши Эроннинг ядровий қурол бўйича тадқиқотларни қайта бошлаш ҳаракатларига «сезиларли» путур етказган.

26 октябрга ўтар кечаси Исроил мудофаа кучлари Эрондаги ҳарбий объектларга бир қатор ҳаво зарбаларини берди. Эрон Исроил ҳужумига «мувозанатли ва пухта» жавоб бериш билан таҳдид қилди.

Эрон ядровий қурол яратиш режасини рад этиб келади. Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бошқарувчилар кенгаши яқинда Эронни ташкилот билан ҳамкорлик қилмаётганлиги учун қораловчи резолюцияни овозга қўйиши кутилмоқда. Эрон бунга жавобан АЭХА билан ҳамкорликни янада чеклаши мумкинлигини айтди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил Эрондаги махфий ядро лабораториясини йўқ қилди