АҚШ Адлия вазирлиги Флорида штатида сайловчиларни рўйхатга олиш учун сохта аризалар тақдим этганликда айбланган Ўзбекистон ва Россия фуқароларига қарши расмий айблов эълон қилди. Улар ҳибсга олингани ҳақида маълум қилинди.
Мазкур ишда 33 ёшли Ўзбекистон фуқароси Санжар Жамилов ва 45 ёшли Россия фуқароси Дмитрий Шушлебин иштирок этгани айтилаяпти. Тергов маълумотларига кўра, улар 2023 йил февраль ва март ойларида Пинеллас округида сайловчиларни рўйхатга олиш учун 132 та сохта ариза топширишга келишиб олган.
Федерал органларнинг хулосасига кўра, тақдим этилган ҳужжатларда бир-бирига ўхшаш муҳрлар, такрорий туғилган саналар, манзиллар ва кетма-кет ижтимоий суғурта рақамлари аниқланган. Бу эса ҳужжатлардаги сохталикни кўрсатади.
Агар айбловлар суд томонидан тасдиқланса, Жамилов ва Шушлебин беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Терговни АҚШ почта инспекцияси хизмати, Федерал тергов бюроси (FBI) ва Флорида штати ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олиб бормоқда.
Шунингдек, АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати 2024 йил ноябрь ойидаги ҳисоботида 975 нафар Ўзбекистон фуқароси депортацияга учраши мумкинлигини маълум қилди. Умумий ҳисобда эса 1,4 миллиондан ортиқ ноқонуний муҳожирларни мамлакатдан чиқариш режалаштирилган. Ҳозирча улар ҳибсга олинмаган, аммо депортация қилиш ҳақида якуний қарор қабул қилинган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар