
Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ливан жанубига кенг кўламли ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Ҳужумлар асосан Ҳизбуллоҳ ҳаракати ҳарбий объектларига қаратилгани тахмин қилинмоқда.
20 дан ортиқ ҳаво зарбалари
Al Manar телеканалининг хабар беришича, Исроил қирувчи самолётлари Ливан жанубидаги саккизта аҳоли пункти яқинида 20 га яқин ҳаво зарбасини берган. Бу ҳудудда асосан Ҳизбуллоҳга қарашли объектлар мавжуд бўлиб, улар Исроил билан доимий низоларга сабаб бўлиб келмоқда.
Al Jazeera телеканалининг маълумотларига кўра, Исроил 30 дақиқа ичида 15 та ҳаво ҳужуми уюштирган ва тахминан 20-25 та ракета отган. Ҳужумлардан кейин Ливан томони қурбонлар ва зарар кўрганлар ҳақида аниқ маълумот бермаган.
Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги келишувга қарамасдан ҳужумлар давом этмоқда
2024 йил 27 ноябрда Исроил ва Ливандаги Ҳизбуллоҳ ҳаракати ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув кучга кирганди. 2025 йил январь ойида томонлар уни 18 февралга қадар узайтириш ҳақида келишиб олган эди. Аммо Исроил ҳарбийлари ушбу келишувга қарамасдан ҳужумларни давом эттирмоқда.
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Исроил армияси АҚШ билан келишилган ҳолда Ливан билан чегарадаги буфер зонада “номаълум муддат” қолишини маълум қилган.
"Ливан билан чегарада буфер зона мавжуд. Биз Қўшма Штатлардан рухсат олдик, уларга харита бердик ва биз у ерда номаълум муддатга қоламиз", — деган Исроил вазири.
Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги кескинлик яна авж олмоқда. Гарчи ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув амал қилса-да, Исроил армияси Ливан жанубига ҳаво зарбаларини беришда давом этмоқда. Бу эса яқин келажакда Исроил-Ливан ўртасидаги муносабатларни янада ёмонлаштириши мумкин.
Ҳизбуллоҳ ҳаракати ушбу ҳужумларга қандай жавоб қайтараши ҳали номаълум. Аммо ҳарбий таҳлилчилар бу вазият Ливан ва Исроил ўртасидаги можарони янада кучайтириши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар