Қирғизистонда тиббиёт ходимларига “чой пули” беришни қонунийлаштириш ташаббуси муҳокама қилинмоқда. Адлия вазири Аяз Баетов 19 август куни бўлиб ўтган бюрократияга қарши идоралараро комиссия йиғилишида “ихтиёрий қўшимча тўлов” тизимини жорий этиш таклифи билан чиқди, деб хабар берди 24.kg.
Унинг таъкидлашича, бу тизим мутлақо шaффоф бўлиши шарт: тўловлар фақат касса орқали, хизмат кўрсатилгандан сўнг амалга оширилиши керак ва белгиланган чегарадан ошмаслиги лозим. “Официантга чойчақа — яхши оҳанг, врачга чойчақа — пора. Бу нотўғри!”, — деди вазир.
Аяз Баетовга кўра, тўлов тизимининг тижоратлашиб кетмаслиги учун беморлардан хизматдан олдин пул талаб қилинмаслиги қатъий белгилаб қўйилиши зарур. Шунингдек, беморлар тўловдан воз кечиши мумкинлиги, “ихтиёрийлик” ҳақидаги шаклларни хизматдан кейин имзолаш амалиёти жорий этилиши керак.
Соғлиқни сақлаш вазири Эркин Чечейбаев ҳам мазкур таклифни изоҳлар экан, тўловлар ихтиёрий равишда ва фақат касса орқали амалга оширилиши мумкинлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, маблағнинг бир қисми шифохонани ривожлантиришга, қолган қисми эса бевосита шифокорлар, ҳамширалар ва санитар ходимларни моддий рағбатлантиришга йўналтирилиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!