Журналист беш айиқни 5 500 мил узоқликка олиб келди

Британиялик табиат ҳимоячиси ва телевидениеда танилган фермер Жимми Доэрти Жанубий Кореядаги айиқ ўти фермасидан бешта Осиё қора айиғини қутқариб, уларни 5 500 мил узоқликдаги Буюк Британияга олиб келди.
Бара, Руми, Сэйбит, Ён-ги ва Ҳуиманг 20 йилдан ортиқ вақт давомида занглаган темир қафасларда сақланган. Ҳозир улар Суффолк графлигининг Ипсвич шаҳри яқинидаги Jimmy’s Farm and Wildlife Park’ка жойлаштирилган. Бу ҳақда Need To Know хабар берди.
Жимми 16 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда қутқарув ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, олти ой аввал Жанубий Кореяга бориб, айиқларнинг оғир шароитда яшаганини кўрган ва уларни Британияга олиб келишга ваъда берган.
Бу Осиё қора айиқларининг Буюк Британияга биринчи марта кўчирилиши ҳисобланади. Фермадан олиб чиқилган ҳайвонлар махсус ветеринария муассасасида тикланиб, сафар учун соғлом деб топилганидан сўнг махсус контейнерларда ташилган.
Айиқларни энди қандай ҳаёт кутмоқда?
Айиқлар “Moon Bear Islands” деб аталувчи махсус ўрмон ҳудудида яшайди. Бу ерда дарахтлар, яшил майдонлар, оқар сув ва ҳавзалар мавжуд бўлиб, улар узоқ йиллардан сўнг озуқа қидириш, дарахтларга чиқиш ва сувда сузиш имконига эга бўлади.
Бешта айиқ ҳам болалигида оналаридан ажратилгани айтилмоқда. Улар орасида энг каттаси Бара 1998 йилда фермага келтирилган ва 27 йил давомида бир хил ифлос темир қафасда сақланган. Қутқарилгунга қадар у ҳавзани деярли кўрмаган, ветеринария марказида эса биринчи марта ваннадаги сувни қизиқиш билан ўрганган.

Опа-ука Ён-ги ва Руми қарийб 20 йил битта қафасда яшаган. Сэйбит эса асирликда ўзидан кичик Ҳуимангни ҳимоя қилиб келган.
Жанубий Кореяда айиқларни фермада сақлаш 1980-йиллар бошида бошланган. Уларнинг ўти ва ўт пуфагидан анъанавий тиббиётда фойдаланилган. Айиқ ўти таркибида айрим жигар касалликлари ва ўт пуфагидаги тошларни даволашда қўлланадиган урсодезоксихол кислотаси бор, бироқ унинг синтетик муқобиллари ҳам мавжуд.
2014 йилда мамлакат фермаларида қарийб 1 000 та айиқ сақланган. 2022 йилда ҳукумат, фермерлар ва ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилотлари савдони тугатиш бўйича келишувга эришди.
2026 йил 1 январдан айиқларни кўпайтириш, фермерлик мақсадида сақлаш ва улардан ўт олиш расман тақиқланди.
Бироқ Жанубий Кореяда ҳали 200 га яқин айиқ ёрдамга муҳтож. Жимми Доэрти маҳаллий ҳамкорлар билан уларга ҳам янги уй топиш устида ишлаётганини айтди.
Space for the Wild ва Jimmy’s Farm ташкилотлари қутқарув ишларини қўллаб-қувватлаш учун “Bears Behind Bars” кампаниясини бошлаган. У орқали 3 700 га яқин хайриядан 90 минг фунт стерлингдан ортиқ маблағ йиғилган.
Айиқлар дастлаб ташриф буюрувчилардан узоқда сақланиб, янги муҳитга мослашади. Улар тўлиқ кўникиб олгач, жамоатчилик ҳам уларни кўриш имкониятига эга бўлади.






























Изоҳлар 0
…