Европа Иттифоқи томонидан Россияга қарши жорий этилаётган санкциялар бугунги кунда нафақат умумий иқтисодиётга, балки нефт экспорти каби асосий соҳага ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Аммо Европа дипломатияси раҳбари Кая Калласнинг фикрича, ушбу чекловлар АҚШнинг тўлиқ қўллаб-қувватлаши билан янада сезиларли ва кучли натижалар бериши мумкин.
Эстониялик сиёсатчи Die Welt газетасига берган интервьюсида таъкидлаганидек, Россия иқтисодиёти ҳозир “оғир кунларни” бошдан кечирмоқда. Москва Украинадаги узоққа чўзилаётган ҳарбий ҳаракатларини молиялаштириш учун зарур маблағларни йўқотмоқда. Бу ҳолатнинг асосий сабаби сифатида Европа Иттифоқи томонидан киритилган санкциялар кўрсатилмоқда.
Кая Каллас маълум қилганидек, ҳозирда Европа Иттифоқи Россияга қарши 19-санкция пакетини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда. Унга кўра, аввалги чекловлар аллақачон самара кўрсатган. Масалан, Россиянинг “соя флоти”га қарши жорий этилган чоралар орқали Болтиқ ва Қора денгиз йўналишларидаги нефт ташишдан келадиган даромад бир ҳафта ичида қарийб 30 фоизга камайган.
“Европа Иттифоқининг санкциялари туфайли Россия миллиардлаб доллар йўқотди. Бу маблағлар энди Россиянинг ҳарбий машинасини таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилмайди”, — деди Европа дипломатияси раҳбари.
Шу тариқа, Кая Калласнинг баёноти Европа Иттифоқи санкциялари нафақат молиявий, балки стратегик жиҳатдан ҳам Россиянинг иқтисодий имкониятларини чеклаб қўйганини кўрсатмоқда. Келгусида АҚШнинг тўлиқ шериклиги ва қўллаб-қувватлаши билан бу жараён янада кучайиши мумкинлиги қайд этилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!