Туркманистонда аҳоли турмуш даражасига оид муҳим масала муҳокама қилинди. Халқ маслаҳати йиғилишида мамлакатнинг ижтимоий сиёсат йўналишида катта аҳамиятга эга бўлган таклифлардан бири кўтарилди. Гурбангули Бердимуҳамедов раислигида ўтган йиғилишда фахрий оқсоқол Ёзмурод Отамуродов сўзга чиқиб, давлат томонидан иш ҳақлари, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни ҳар йили ошириш амалиётидан воз кечиш лозимлигини таъкидлади.
Унинг фикрича, бугунги кунда аҳолининг ижтимоий-маиший шароити етарлича юқори даражада. Шу боис, тўловларни мунтазам ошириш талаб этилмайди. Отамуродов ўз нутқида, “дунёнинг бирор мамлакатининг фуқароларига бу каби узлуксиз имтиёзлар берилиб келинмаган”, дея қўшимча қилди.
Фахрий оқсоқолнинг таъкидлашича, агар ушбу ташаббус амалга оширилса, тежаладиган маблағларни мамлакат тараққиёти ва бошқа муҳим соҳаларга йўналтириш имконияти пайдо бўлади. У Президентдан бу таклифни қўллаб-қувватлашни илтимос қилди. Президент Бердимуҳамедов эса минбардан нутқ билан чиқиш қилган Отамуродовга ўз миннатдорлигини билдирди ҳамда унинг фикрларига ижобий муносабат билдирди.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ёзганидек, мазкур ташаббус туркман жамоатчилиги ичида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Айрим фуқаролар бу фикрга розилик билдирса, бошқалар бу каби ўзгаришлар уларнинг кундалик ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтишмоқда. Шу билан бирга, давлатга қарашли “Туркменпортал” нашри бу хабар остидаги изоҳларни ёпиб қўйди, бу эса жамоатчиликда янада кўпроқ саволлар уйғотди.
Айни пайтда Туркманистонда энг кам пенсия 550 манатни ташкил этади. Бу тахминан 27,5 АҚШ долларига тўғри келади. Нафақалар эса ўртача 520 манат, яъни 26 доллар атрофида. Ҳозирча расмийлар тўловларни индексация қилиш амалиётидан воз кечиш таклифи юзасидан изоҳ беришмаган.
Мамлакатдаги бу воқеа нафақат иқтисодий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Чунки туркман жамиятида кўплаб одамлар давлат ёрдамига суянган ҳолда кун кечиришади. Шунинг учун ҳам мазкур қарор, агар амалга оширилса, минглаб оилалар ҳаётида жиддий ўзгаришлар олиб келиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!