Сингапур бўғозида юк кемаси балиқчи кема билан тўқнашди

17 сентябрь куни Сингапур бўғозида Панама байроғи остида сузаётган First Margaux юк кемаси Хитойнинг Luqing Yuanyu 108 балиқчи кемаси билан тўқнашди. Ҳодиса кемалар Малакка бўғози томон ғарбга қараб ҳаракатланаётган вақтда юз берган. Бу ҳақда Baird Maritime хабар берди.
Маълумотларга кўра, 229 метр узунликдаги First Margaux балиқчи кемасидан тезроқ ҳаракатланган ва уни қувиб ўтиш жараёнида Luqing Yuanyu 108 кемасининг ўнг орқа қисмига урилган. Тўқнашув оқибатида кичик кема ён томонга сурилиб, анча қийшайган, унинг пастки қисмига сув кирган.
Шунга қарамай, Luqing Yuanyu 108 сувда қолган ва тўқнашувдан кейин мустақил равишда ҳаракатланиб, яқин портга етиб борган. Ҳозирча икки кема экипажлари орасида ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар ҳақида хабар берилмаган.
Ҳодиса юзасидан тарқалган видеода тўқнашув вақтида балиқчи кема экипажи аъзолари хавотир билан ҳаракат қилгани ва кеманинг пастки қисмига сув киргани кўринади.
Тўқнашувнинг аниқ сабаби ҳамда томонларнинг жавобгарлиги ҳозирча расман аниқланмаган.






























Изоҳлар 0
…