date

Хитой ёш мутахассислар учун янги «К» тоифасидаги визани жорий этади

Хитой ёш мутахассислар учун янги «К» тоифасидаги визани жорий этади

1 октябрдан бошлаб Хитойда илм-фан ва технология соҳасида фаолият юритаётган ёш хорижий кадрлар учун махсус «К» тоифасидаги янги виза амалиётга киритилади. Бу қарор август ойида Хитой Давлат кенгаши томонидан қабул қилингани қайд этилди.

Янги тизимнинг асосий мақсади халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, илмий ва тадқиқот ҳамкорлигини кенгайтириш ҳамда ёш авлод учун катта имкониятлар яратишдан иборат. Виза эгаларига аввал мавжуд бўлган 12 турдаги визаларга нисбатан кўпроқ имтиёзлар тақдим этилади. Уларнинг орасида мамлакатга кириш сони чекланмаган ҳолда кўпайтирилиши, амал қилиш муддати узайтирилиши ва узоқроқ вақт давомида қолиш ҳуқуқи каби афзалликлар бор.

«К» визаси эгалари таълим дастурлари, маданий тадбирлар ҳамда илмий-техник алмашинув лойиҳаларида иштирок этишлари мумкин. Шунингдек, улар Хитой ҳудудида тадбиркорлик, ишбилармонлик ёки стартап лойиҳаларини амалга ошириш имкониятига ҳам эга бўлади.

Энг муҳим янгиликлардан бири — ариза топшириш жараёнида хитойлик иш берувчи ёки ташкилотдан таклифнома талаб қилинмаслиги. Бу эса ёш мутахассислар учун ҳужжат топшириш жараёнини анча енгиллаштиради ва ортиқча тўсиқларни йўқотади.

Миграция масалалари бўйича мутахассислар фикрича, янги виза тоифасининг жорий этилиши Хитойнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширади. Шу билан бирга, мамлакат юқори технологияли йўналишларда дунё бўйлаб иқтидорли кадрларни жалб этиш марказига айланиши мумкин.

Эътиборли жиҳати, бу қарор АҚШда хорижий мутахассисларга тегишли H-1B виза дастурига киритилган ўзгаришлардан кейин амалга оширилмоқда. Дональд Трампнинг фармонига кўра, энди компаниялар ҳар бир номзод учун 100 минг долларлик йиллик тўлов амалга ошириши шарт.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой ёш мутахассислар учун янги «К» тоифасидаги визани жорий этади