date

Дубайда дунёдаги энг қиммат қаҳва тайёрланди

Дубайда дунёдаги энг қиммат қаҳва тайёрланди

Кофе ихлосмандлари учун қизиқарли янгилик — дунёдаги энг қиммат қаҳва рекорди қайд этилди. Гиннесс рекордлар китоби расмий сайти хабар беришича, ушбу ноёб ичимлик БААнинг Дубай шаҳридаги Roasters Specialty Coffee House қаҳвахонасида тайёрланган.

Маълумотларга кўра, бир финжон қаҳванинг нархи 2500 дирҳамга, яъни тахминан 680 АҚШ долларига тенг келган. Шу тариқа у тарихдаги энг баланд баҳога сотилган кофе сифатида қайд этилди. Энг қизиғи, бундай қиммат қаҳвани сотиб олган мижознинг шахси ошкор этилмади.

Махсус ичимлик Панамадаги Hacienda La Esmeralda фермер хўжалигида етиштирилган “Гейша” туркумига мансуб ноёб арабика донидан тайёрланган. Бу нав дунёдаги энг қиммат, жуда оз ҳосил берадиган ҳамда ўзига хос ҳид ва таъмга эга донлар қаторига киради.

Бариста усталарининг таъкидлашича, қаҳва тайёрланиш жараёни ҳам ўзига хос маросимга айланган. Донлар махсус ишловдан ўтказилиб, ҳар бир босқичда уларнинг табиий хусусиятлари сақлаб қолинган. Натижада ичимлик нафақат қимматли, балки ўзгача мазаси билан ҳам ажралиб туради.

Кофе ишқибозлари орасида “Гейша” донлари илгари ҳам дунёдаги энг нодир маҳсулотлардан бири сифатида машҳур эди. Бироқ Дубайда тайёрланган ушбу қаҳва унинг нуфузини янада оширди ва яна бир рекордни тарихга киритди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дубайда дунёдаги энг қиммат қаҳва тайёрланди