date

Италияда ер остида улкан яширин сигарет заводи фош қилинди

Италияда ер остида улкан яширин сигарет заводи фош қилинди

Италиянинг Анкона провинциясида Молиявий гвардия мамлакат тарихида илгари кўрилмаган кўламдаги яширин сигарет ишлаб чиқариш мажмуасини аниқлади. Бу ҳақда L’Unione Sarda нашри 26 сентябрь куни маълум қилди.

Маълумотларга кўра, ер остидаги катта ҳажмли бункер жуда моҳирлик билан яширилган бўлиб, у 1,6 минг квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллаган. Махфий заводга кириш махсус гидравлик тизим орқали амалга оширилган ва у ишлаб чиқариш жараёнини ташқи кўздан комил даражада беркитиб турган.

Ичкарида эса замонавий ускуналар билан жиҳозланган учта ишлаб чиқариш линияси фаолият юритиб, йиллик қуввати қарийб 2,7 миллиард дона сигарет тайёрлаш имконига эга бўлган. Бу кунлик ҳисобда тахминан 7,2 миллион дона махсулотни англатади.

Текширув пайтида омбордан 150 тоннадан ортиқ сохта тамаки, 170 тоннадан зиёд ишлаб чиқариш материаллари, юз минглаб фильтрлар, миллионлаб картон қутилар ва турли техник жиҳозлар топилди. Заводнинг умумий қиймати 1,75 миллион еврога баҳоланган, ишлаб чиқариш қуввати эса дақиқасига 5 минг сигарет тайёрлаш даражасига етган.

Терговчиларни ҳайратга солган жиҳатлардан яна бири — бункерда ишчилар учун 18 та каравот, ҳаммом, душ хоналари, ошхона ва ҳатто таъмир устахонаси мавжуд бўлгани. Бу уларнинг узлуксиз сменада ишлашини таъминлаб, махфий ишлаб чиқаришни тўхтовсиз давом эттириш имконини берган.

Қўшимча равишда, яқин атрофда қалбаки маҳсулотларни сақлаш учун ишлатилган омборхоналар топилиб, у ердан икки автомобиль ва тўрт ярим тиркама мусодара қилинди. Улар ичида қалбаки сигаретлар жамланган бўлиб, умумий қиймати 620 минг еврога тенг, бозор ҳисобида эса қарийб 47,4 миллион еврога баҳоланган маҳсулотлар олинган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Италияда ер остида улкан яширин сигарет заводи фош қилинди