
Дунё бўйлаб йирик мегаполислар турли иқлим шароитларида ҳаёт кечиради. Айрим шаҳарларда йил давомида иссиқ ва нам ҳаво ҳукм сурса, бошқаларида қуруқлик ёки совуқ устунлик қилади. Яқинда тайёрланган инфографика ана шу фарқларни яққол намоён этиб, йирик шаҳарларни ҳарорат ва ёғингарчилик кўрсаткичларига қараб тўртта асосий иқлим гуруҳига ажратди.
Инфографика муаллифлари таҳлилга дунёнинг 74 та йирик шаҳрини киритган. Climate-Data.org манбаси асосида ҳар бир шаҳарнинг ўртача йиллик ҳарорати ҳамда йил давомида ёғадиган ёғингарчилик миқдори ҳисоблаб чиқилган. Натижада шаҳарлар иқлим хусусиятларига кўра аниқ тизимга солинган.
Диаграмма тўртта асосий қисмдан иборат: қуруқ ва иссиқ, нам ва иссиқ, қуруқ ва совуқ, шунингдек нам ва совуқ. Вертикал ўқ шаҳарнинг ўртача йиллик ҳароратини кўрсатса, горизонтал ўқ йиллик ёғингарчилик ҳажмини акс эттиради. Шу орқали ҳар бир мегаполиснинг иқлимдаги “ўрни”ни аниқ кўриш мумкин.
Таҳлил натижаларига кўра, йирик шаҳарлар орасида энг кам сонлиси “нам ва совуқ” гуруҳига тўғри келган. Бу квадрантдаги энг совуқ мегаполис сифатида Исландия пойтахти Рейкявик қайд этилган. У ерда йил давомида ҳарорат паст, ёғингарчилик эса нисбатан юқори бўлади.

“Қуруқ ва совуқ” тоифасида ўртача ҳарорати энг паст шаҳар сифатида Москва кўрсатилган. Қизиқ жиҳати шундаки, Европа шаҳарларининг катта қисми айнан шу иқлим гуруҳига жойлашган. Бу минтақада қишлар совуқроқ, ёз эса кўпинча қуруқ ўтади.
Инфографикада Тошкент нуқтаси пастки чап қисмда — “қуруқ ва совуқ (DRY-COLD)” квадрантида жой олган. У “иссиқ–совуқ” чегара чизиғидан сал пастроқ тургани сабаб, пойтахтимизнинг ўртача йиллик ҳарорати тахминан 13–14°C атрофида экани кўринади. Ёғингарчилик эса йилига ўртача 50–55 сантиметрни, яъни тахминан 540 миллиметрни ташкил қилади.
Бу жойлашув Тошкент иқлими қуруқроқ континентал хусусиятга эга эканини англатади. Ёз фасли одатда иссиқ ва кам ёғинли бўлса, қиш мавсуми салқин ёки совуқ кечади. Ёғингарчилик “нам” шаҳарларга нисбатан камроқ бўлгани учун Тошкент “қуруқ” томонда, йиллик ўртача ҳарорат жуда юқори эмаслиги сабаб “совуқ” қисмида таснифланган.
АҚШ шаҳарлари эса асосан диаграмманинг қуруқ қисмида жойлашган бўлиб, улар ҳам совуқ, ҳам иссиқ квадрантларда тарқалган. Қуруқ ҳудуддаги энг иссиқ мегаполис сифатида Судан пойтахти Хартум кўрсатилган. Бу шаҳарда ўртача йиллик ҳарорат тахминан 30°C га етади.
Ушбу инфографика шаҳарларнинг иқлим шароитини солиштириш, глобал иқлим фарқларини тушуниш ва келажакда шаҳар муҳити қандай шаклланишини англаш учун муҳим манба сифатида баҳоланмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.