Украинани ҳимоялаш режаси учун 27 давлат раҳбари Парижда бирлашди

Украинани қўллаб-қувватлаётган давлатлар Париж шаҳрида учрашиб, Россия билан эҳтимолий сулҳ тузилса, Украинага бериладиган хавфсизлик кафолатларини аниқ белгилаш масаласини муҳокама қилмоқда. Учрашувнинг асосий мақсади Киевни келажакдаги хавфлардан ҳимоялаш бўйича аниқ мажбуриятларни шакллантиришдан иборат.
Йиғилишда Украина президенти Владимир Зеленский, шунингдек Европа ва бошқа давлатлардан 27 дан ортиқ етакчилар иштирок этмоқда. Улар Украина, Европа ва АҚШнинг умумий позициясини ишлаб чиқиб, уни Россия томонига тақдим этишни режалаштирмоқда.
Дипломатлар ҳозиргача берилган хавфсизлик ва ҳарбий ваъдалар етарлича аниқ бўлмаганини таъкидламоқда. Париждаги учрашувда сулҳ тузилган тақдирда Украинани ҳимоялаш учун кўп миллатли кучлар шакллантириш, шунингдек янги ҳужумлар содир бўлса, ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Президент Владимир Зеленский Украина тинчликка тайёр эканини, бироқ зарурат туғилганда ўзини ҳимоя қилишда давом этишини билдирди. Унинг айтишича, дипломатик йўл устувор бўлиб қолади, аммо бу жараёнда халқаро ҳамкорларнинг аниқ ва доимий қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамиятга эга.