Гулистонда 18 ёшли йигит банкоматни болта билан бузишга уринди

Гулистонда 18 ёшли йигит банкоматни болта билан бузишга уринди

Сирдарё вилояти Гулистон туманида 18 ёшли йигит банкоматни болта ёрдамида бузишга уринган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 12 сентябрь куни соат 03:16 да Гулистон тумани «Олтин водий» маҳалласидаги Комиллик кўчасида жойлашган «Инкассация хизмати» МЧЖга қарашли банкоматдан қўриқлаш хизмати мониторинг марказига ташвиш сигнали келиб тушган.

Сигнал асосида Гулистон тумани ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш хизмати тезкор гуруҳи воқеа жойига юборилган. Ходимлар етиб келганида, юзини беркитган ва қўлига қўлқоп кийган шахс банкоматнинг ташқи қисмини болта ҳамда бошқа ашёлар ёрдамида бузишга уринаётганини аниқлаган.

Қўриқлаш ходимларини кўрган шахс воқеа жойидан қочишга уринган. Бироқ тезкор гуруҳ томонидан у қўлга олинган.

Текширув давомида қўлга олинган шахс Гулистон туманида яшовчи, 2008 йилда туғилган 18 ёшли фуқаро экани аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан белгиланган тартибда текширув ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар