Шавкат Мирзиёев ва ЕТТБ раҳбари темир йўлларни рақамлаштириш бўйича келишди

Президент Шавкат Мирзиёев Давосда ўтаётган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Одил Рено-Бассо билан учрашув ўтказди. Томонлар стратегик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқиб, Ўзбекистон банкнинг Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкори мақомини мустаҳкамлаганини қайд этди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Учрашувда ЕТТБнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармоялари ҳажми деярли 7 миллиард долларга етгани таъкидланди. Банкнинг фаоллиги ҳам ошиб бормоқда: 2025 йил якунларига кўра, операциялар ҳажми 1 миллиард доллардан ортди. Маблағларнинг салмоқли қисми хусусий секторни қўллаб-қувватлашга йўналтирилиб, тадбиркорлик ривожига туртки бўлгани айтилди.
Президент банкнинг мамлакатдаги асосий ислоҳотларга қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади. Хусусан, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, “яшил” энергетика дастурларини илгари суриш ҳамда молия бозорини чуқур ислоҳ этиш йўналишларида ҳамкорлик натижалари қайд этилди. ЕТТБ экологик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва бизнесни молиялаштиришда муҳим ҳамкор сифатида қолаётгани билдирилди.
Жорий йил учун ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланди. Улар қаторидан хусусий секторни янада ривожлантириш ва бизнес муҳитини яхшилаш, ҳудудий инфратузилмани янгилаш, темир йўл транспортни рақамли трансформация қилиш (“ақлли темир йўллар” лойиҳаси), шунингдек инновацион стартапларни қўллаб-қувватлаш бор.
Музокараларда ижтимоий капитал масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар аёллар ва ёшларни замонавий касбларга ўқитиш дастурларини давом эттиришга келишиб олди. Бу ташаббуслар уларни рақамли иқтисодиётга мослаштириш, аёл тадбиркорларнинг замонавий бизнес юритиш кўникмаларини кучайтиришга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.
Учрашув якунида томонлар 2026 йилда янги юқори технологик лойиҳалар амалиёт босқичга ўтиши Ўзбекистоннинг минтақадаги иқтисодий етакчилик позицияларини янада мустаҳкамлашига ишонч билдирди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Давосдаги ташриф доирасида BlackRock компанияси директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлеси билан ҳам учрашиб, дунёдаги энг йирик инвестфонднинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги иштирокини кенгайтириш механизмларини муҳокама қилганди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!