Индонезияда 243 киши бўлган кема ҳалокатга учради: 140 киши қидирилмоқда

Индонезиянинг Ява денгизида 243 киши бўлган Virgo Transport 8 йўловчи кемаси ҳалокатга учради. Кема 13 сентябрь куни Сурабаядан Банджармасин томон кетаётган вақтда ноқулай об-ҳаво шароитига дуч келган ва маҳаллий вақт билан тахминан соат 02:00 да у билан алоқа узилган. Бу ҳақда Antara хабар берди.
Дастлабки маълумотларда қутқарувчилар 103 кишини эвакуация қилгани, улардан бири ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Кейинги маълумотларга кўра, эвакуация қилинганлар орасида ҳалок бўлганлар сони 6 нафарга етган, 140 киши эса ҳануз қидирилмоқда.
Virgo Transport 8 кемаси 12 сентябрь куни Сурабаядан йўлга чиққан ва Жанубий Калимантан провинциясидаги Банджармасинга бориши керак бўлган. Кема таркибида 30 нафар экипаж аъзоси, 27 нафар ходим, 60 нафар йўловчи ҳамда 126 нафар ҳайдовчи ва уларнинг ёрдамчилари бўлган. Шунингдек, кема 89 та транспорт воситасини ҳам олиб кетган.
Ҳодиса олдидан капитан об-ҳаво ёмонлашгани сабабли кема қийшайиб қолганини маълум қилган. Шундан сўнг алоқа узилган ва Индонезиянинг қидирув-қутқарув хизмати кенг кўламли амалиётни бошлаган. Қутқарув ишларига кемалар ва вертолёт ҳам жалб этилган.
Ҳозирча ҳалокатнинг аниқ сабаби расман маълум қилинмаган. Қидирув-қутқарув операцияси давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…