Сунъий интеллект ёрдамида чиқиндиларни ўчирган амалдор ишдан бўшатилди

Сунъий интеллект ёрдамида чиқиндиларни ўчирган амалдор ишдан бўшатилди

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида сунъий интеллект технологияларидан ноўрин фойдаланган давлат хизматчиси ишидан маҳрум қилинди. У чиқиндилар билан тўлиб ётган ҳудуд акс этган фотосуратни СИ ёрдамида таҳрирлаб, муаммо бартараф этилгандек кўрсатишга уринган.

Маълум бўлишича, май ойи ўрталарида Threads ижтимоий тармоғидаги фойдаланувчилардан бири Бўстонлиқ туманидаги ҳовлилардан бирида чиқиндилар узоқ вақтдан бери йиғилиб ётганини кўрсатувчи суратларни эълон қилган.

Ушбу мурожаатга жавобан туман ҳокимлиги коммунал хизматлар томонидан ҳудуд тозаланганини маълум қилиб, фотосуратларни ҳам тақдим этган. Бироқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси тасвирларда сунъий ўзгартишлар борлигига эътибор қаратган. Ҳатто платформанинг ўзи ҳам суратларни “сунъий интеллект ёрдамида яратилган контент” сифатида белгилаган.

“Мен жойлаган чиқиндили суратларни олиб, СИ орқали чиқиндиларни ўчириб ташлашибди ва шуни тозалаш ишларининг натижаси сифатида кўрсатишибди”, дея муносабат билдирган фойдаланувчи.

9 июнь куни Олмаота шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати мазкур ҳолат бўйича расмий баёнот бериб, постни жойлаштирган давлат хизматчиси ҳақиқатдан ҳам сунъий интеллектдан фойдаланганини тан олганини маълум қилди.

Ҳокимликка кўра, ходим ўз хатосини тан олгани сабабли қўшимча хизмат текшируви ўтказишга эҳтиёж қолмаган. Шу билан бирга, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ва давлат органидаги хизмат фаолияти тугатилган.

Расмийлар мазкур ҳолат бўйича масала якунланганини ва қўшимча интизомий жараёнларга зарурат йўқлигини билдиришди.

Бу воқеа сунъий интеллект имкониятларидан нотўғри фойдаланиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор кўрсатди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Kamola Shuhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар