Андреас Кристенсен Барселона сафида ўз мавқеини тиклашга шай

Испаниянинг Барселона клуби Буюк Британиядаги мавсумолди ўқув-машғулот йиғинини юқори суръатда давом эттирмоқда. Бош мураббий Ханси Флик таркибга асосий жамоанинг тажрибали ўйинчилари билан бир қаторда Ла Масиянинг 17 нафар иқтидорли ёш битирувчиларини ҳам жалб қилди. Sport нашри хабар қилишича, шундай синовли паллада даниялик ҳимоячи Андреас Кристенсен машғулотлардаги иштиёқи ва ҳаракатлари билан жамоанинг энг диққатга сазовор футболчиларидан бирига айланиб улгурди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ўтган 18 ой давомида жароҳатлар оғирлиги ва асосий таркибдаги ўрнининг қисқариб бориши билан боғлиқ қийинчиликларни бошдан кечирган футболчи яқинда клуб билан 2028-йилгача мўлжалланган янги шартнома имзолаган эди. Ушбу келишув 28 ёшли марказий ҳимоячи учун фаолиятида бутунлай янги саҳифа очиш ҳамда ўзининг энг яхши спорт формасини қайта тиклаш учун катта имконият сифатида баҳоланмоқда.
Янги шартнома ва юксалиш сари интилиш
Андреас Кристенсеннинг асосий мақсади шунчаки сафга қайтиш эмас, балки Европанинг энг нуфузли совринлари учун кечадиган курашларда Барселона шарафини муносиб ҳимоя қилишдир. Футболчининг ўзи бу босқични сўнгги имконият эмас, балки клуб томонидан кўрсатилган юксак ишончни оқлаб, фаолиятини қайтадан бошлаш учун қулай фурсат деб билмоқда.Sport нашрига берган интервюсида даниялик футболчи жисмоний ҳолатини тиклаш ва барқарор ўйин амалиётига эга бўлиш унинг устувор вазифаси эканини алоҳида таъкидлади. «Ўзимни яхши ҳисв қиляпман. Машғулотлар тобора юқори интенсивликда ўтмоқда, тана буни сезмоқда, бироқ биз айнан шунинг учун шу ердамиз», — деди ҳимоячи.
Ханси Флик билан умумий мақсадлар
Мавсумдаги ўз роли ҳақида тўхталаркан, Кристенсен бош мураббий Ханси Флик билан талаблар борасида тўлиқ тушунишга эришганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, мураббийлар штаби ва футболчиларнинг асосий эътибори жисмоний кондицияни бир маромда ушлаб туриш ҳамда жароҳатларсиз мавсумни ўтказишга қаратилган.Клубда ўзига билдирилган ишончни оқлашга ҳозирланаётган Андреас Кристенсен учун ушбу мавсум каталонияликлар сафида ўзининг чинакам етакчи қирраларини намоён этиш учун муҳим синов бўлиши аниқ.






























Изоҳлар 0
…