Zeekr чет элга олиб чиқилган машиналарни блоклашни тўхтатади

Geely холдингига қарашли Zeekr бренди трансчегаравий сафарлар вақтида автомобилларни масофадан туриб блокировка қилиш функциясини тубдан ўзгартиришини маълум қилди. Ушбу қарор Марказий Осиё давлатларида, хусусан, қўшни Қозоғистонда юзага келган шов-шувли воқеадан сўнг қабул қилинди. Ушбу ўзгаришлар параллел импорт орқали Хитойдан машина харид қилаётган хорижлик харидорлар учун муҳим қадам бўлди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
ixbt.com маълумотига кўра, бунгача Zeekr 9X йўлтанламаси эгаси Хитой чегарасидан ўтиши билан автомобил кутилмаганда блокланиб қолган эди. Ҳайдовчи машина функцияларидан, жумладан, навигатор ҳамда асбоблар панелидан фойдалана олмай, қарийб 30 соат давомида ноқулай аҳволда қолган. Эгаси сафардан олдин маҳаллий дилерни огоҳлантирганига қарамай, борт тизимлари ишдан чиққан ва ҳатто қўлқоп қутисидаги ҳужжатларни олиб бўлмаган. Воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, компания зудлик билан муносабат билдиришга мажбур бўлди.
Хавфсизлик чоралари ва кулранг бозор муаммоси
Дастлаб компания вакиллари трансчегаравий блокировка ўғрилик ҳамда контрабанданинг олдини олиш мақсадида жорий этилганини тушунтирганди. Шунингдек, бундай чекловлар расмий ваколатхонаси бўлмаган ҳудудларга автомашиналарни ноқасамёр тарзда, яни кулранг бозор орқали олиб киришни жиловлаш хизматини ҳам бажаради. Кўплаб Хитой автомобиллари расмий дилерлик тармоғисиз тарқалаётган Марказий Осиё мамлакатлари учун бу ҳолат долзарб мавзу саналади.Мазкур можардан кейин Zeekr раҳбарияти ўз мижозларидан расман узр сўради. Компания баёнотида ҳақиқий хавфсизлик фақатгина ишлаб чиқарувчининг ўзи билангина белгиланиб қолмаслиги, бунда фойдаланувчи назорати ва ишлаб чиқарувчи муҳофазаси уйғун бўлиши лозимлиги таъкидланди. Натижада бренд ушбу муаммони ҳал қилиш учун махсус дастурий ечимларни жорий этишга киришди.
Янги функциялар ва келгусидаги янгиланишлар
Бренд томонидан эълон қилинган чораларга кўра, мобил иловага махсус парол генератори қўшилди. Ушбу восита фойдаланувчиларга чегара ортида блокланиш ҳолати юзага келганда ўз-ўзидан қулфдан чиқариш кодларини яратиш имконини беради. Бироқ халқаро чегараларни кесиб ўтиш пайтида интернет алоқаси бўлмаган шароитда ҳайдовчилар бу паролларни қандай олиши ҳозирча тўлиқ очиқланмаган.Шунингдек, яқин кунларда эфирга узатиладиган ҳаво орқали дастурий янгиланиш (ОТА) доирасида мобил иловага трансчегаравий уланиш блокировкасини ўчириб қўқувчи тугма қўшилади. Zeekr компаниясининг таъкидлашича, ушбу янгиланиш ўрнатилгач, чегарадан ўтганда автоматик блоклаш функцияси сукут бўйича ўчирилган ҳолатда ишлайди.






























Изоҳлар 0
…