Япониядаги кучли зилзила қурбонлари сони 13 кишига етди

Япониянинг Кумамото префектурасида 28 июль куни содир бўлган 7,1 магнитудали кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 13 кишига етди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Санаэ Такаичи маълум қилди.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, маҳаллий вақт билан соат 08:30 ҳолатига кўра қурбонлар сони 13 нафарни ташкил этган. Унинг таъкидлашича, ҳозирда барча куч ва воситалар қутқарув ишларига сафарбар этилган.

«Ҳали ҳам вайроналар остида тирик қолган бўлиши мумкин бўлган инсонлар бор. Бу вақт билан кураш демакдир. Имкон қадар кўпроқ одамни топиш ва хавфсиз жойга олиб чиқиш учун барча чоралар кўрилмоқда», деди Такаичи.
Шунингдек, бош вазир ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва жабрланганларга ҳамдардлик билдирди.
Табиий офат оқибатида Кашима шаҳрида жойлашган Aeon Mall савдо марказининг иккинчи қавати қулаб тушди. Ҳодиса вақтида бинода бўлган айрим одамлар вайроналар остида қолиб кетган. Дастлабки маълумотларга кўра, ер силкиниши пайтида газ сизиши кузатилиб, бу портлашга сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Қидирув-қутқарув ишларига Япония Мудофаа кучлари ҳам жалб этилган. Қутқарувчилар бедарак йўқолганларни излаш ва жабрланганларни эвакуация қилиш ишларини узлуксиз давом эттирмоқда.
Зилзила эпицентри Токиодан тахминан 900 километр жануби-ғарбий ҳудудда жойлашган. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, Яцуширо шаҳридаги шифохонага 40 га яқин ярадор олиб келинган. Яна қарийб 50 нафар жабрланувчи Кумамото шаҳридаги тиббиёт муассасаларига етказилган.
Табиий офат транспорт инфратузилмасига ҳам таъсир кўрсатди. Асо Кумамото аэропортидаги учиш-қўниш йўлаги вақтинча ёпилган бўлиб, унинг қачон қайта ишга туширилиши ҳозирча маълум эмас.
Мифуне шаҳар ҳокимияти вакили Ҳироки Шимоданинг айтишича, ер силкиниши унга ўн йил аввалги вайронкор Кумамото зилзиласини эсга солган.
«Тебранишни ҳис қилган заҳотим ўша даҳшатли кунлар ёдимга тушди. Атрофдаги айрим уйларнинг томлари қулаб тушганини кўриб, қаттиқ қўрқдим», деди у.






























Изоҳлар 0
…