Ҳиндистонда самолёт бортида пауэрбанк ёниб кетди (видео)

Ҳиндистонда самолёт бортида пауэрбанк ёниб кетди (видео)

Ҳиндистонда Деҳлидан Ченнайга учиб кетаётган IndiGo авиакомпанияси самолёти бортида пауэрбанк ёниб кетди. Ҳодиса сабаб самолёт йўналишини ўзгартириб, Ҳайдаробод шаҳридаги аэропортга қўнди.

The Indian Express нашрининг 2026 йил 11 октябрдаги хабарига кўра, воқеа 6E 6115 рейсида содир бўлган. Самолёт салонидаги юқори юк сақлаш бўлмасидан тутун чиққач, борткузатувчилар тезкор ҳаракат қилиб, ёнғинни ўчиришган.

Учувчилар хавфсизлик қоидаларига мувофиқ самолётни Ҳайдарободдаги Ражив Ганди халқаро аэропортига йўналтирган. Самолёт хавфсиз қўнган, йўловчилар ва экипаж аъзоларидан ҳеч ким жароҳат олмаган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда борткузатувчилар ва айрим йўловчиларнинг юк сақлаш бўлмасидаги ёнғинни ўчиришга уринаётгани акс этган.

Ҳодисадан кейин йўловчиларни Ченнайга етказиш учун бошқа самолёт ажратилган. IndiGo авиакомпанияси воқеа юзасидан текширув бошланганини маълум қилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар