Самолётда эшикни очишга уринган йўловчи парвоз вақтида вафот этди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- 6-октябр куни Нигерияда Кеня Аирвайс авиакомпаниясининг Найроби–Лагос йўналишидаги рейси давомида бир йўловчи самолёт эшигини очишга урингач, вафот этди.
- У аввал Мадагаскарга киришга рухсат берилмагани сабабли Нигерияга қайтарилган эди.
- Самолёт Лагосга қўнишидан 20 дақиқа олдин йўловчи ҳушсиз бўлиб қолган ва аеропортга қўнгач, унинг ўлими тасдиқланган.
- Ҳодиса юзасидан Нигерия полицияси тергов олиб бормоқда.
Жорий йилнинг 6 октябрь куни Нигерияда Найроби–Лагос йўналиши бўйича парвоз қилаётган самолётда кутилмаган ҳодиса юз берди. Парвоз вақтида йўловчилардан бири экипаж аъзоларига қаршилик кўрсатиб, дастлаб учувчилар кабинасига киришга, кейин эса самолёт эшигини очишга уринган. Ҳодиса оқибатида у вафот этди. Бу ҳақда Нигерия Фуқаро авиацияси бошқармаси маълумотларига таяниб, “Legit.ng” хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу йўловчи дастлаб авиакомпания томонидан Мадагаскарга олиб борилган. Бироқ у ерда мамлакат божхона органлари томонидан ортга қайтарилган ва Мадагаскар ҳудудига киришига рухсат берилмаган. Шу сабабли Kenya Airways уни яна ўша йўналиш бўйича Нигерияга қайтаришга мажбур бўлган.
Қайтиш парвози давомида эркакнинг хатти-ҳаракатлари кескин ўзгариб, у тажовузкор ҳаракат қила бошлаган. У биринчи навбатда учувчилар кабинасига киришга уринган. Бироқ экипаж унинг кабинага киришига йўл қўймаган. Шундан кейин йўловчи самолётнинг орқа эшиги томон бориб, уни очишга ҳаракат қилган.
Бошқа йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда вазиятнинг янада кескинлашиб кетишининг олдини олиш мақсадида экипаж аъзолари эркакни ушлаб, қўлларини орқасидан боғлаб қўйган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ҳам йўловчининг самолёт ҳавода бўлган пайтда эшикни очишга уринаётгани акс этган.
Kenya Airways маълумотига кўра, самолёт Лагосга қўнишига тахминан 20 дақиқа қолганида йўловчи ҳушсиз ҳолатга келган. Экипаж аъзолари унга зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Шунга қарамай, самолёт Лагосдаги Муртала Муҳаммад халқаро аэропортига тахминан соат 21:41 да қўнганидан сўнг, тиббиёт ходимлари йўловчини кўздан кечириб, унинг вафот этганини аниқлаган.
Ҳозирча марҳумнинг шахси, фуқаролиги ва ёши, шунингдек, унинг ўлимига нима сабаб бўлгани расман ошкор этилмаган. Мазкур ҳолат юзасидан Нигерия полицияси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Нигерия Фуқаро авиацияси бошқармаси вакили Майкл Ачимугум ҳодисанинг аниқ сабаблари бўйича тергов якунлангунига қадар хулоса чиқармасликка чақирди. Унинг таъкидлашича, агар марҳумнинг оиласи зарур деб ҳисобласа, суд-тиббий экспертиза ўтказилишини сўраши мумкин.
Kenya Airways компанияси эса марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган. Авиакомпания тергов жараёни доирасида маҳаллий органлар ҳамда авиация назорати идоралари билан зарур ҳамкорликни амалга оширишини маълум қилган.






























Изоҳлар 0
…