Миср пирамидалари фонида ноодатий тўй: келин онасининг 30 йиллик либосида турмушга чиқди

Мисрда кузнинг энг эсда қоларли ва ўзига хос тўй маросимларидан бири бўлиб ўтди. Қоҳира яқинидаги Саққара ҳудудида, қадимий Жосер зинапояли пирамидаси фонида ташкил этилган тантана келиннинг онасидан қолган тўй либосини танлагани билан кўпчилик эътиборини тортди.
Регина Холид исмли келин ҳаётидаги энг муҳим кунлардан бирида онасининг 30 йилдан ортиқ тарихга эга келинлик кўйлагини кийишга қарор қилди. Оилавий қадрият ва хотираларни ўзида мужассам этган либосни замонавий услубда қайта яратиш Мисрнинг Salma Osman брендига ишониб топширилди.
Кундузги маросим учун фил суяги тусидаги ипак тафтадан нафис ва бетакрор либос тайёрланди. Дизайнерлар кўйлакнинг асл руҳини сақлаб қолган ҳолда унга янгича кўриниш беришга интилди.
Либоснинг энг диққатга сазовор деталларидан бири эса келиннинг гулдастаси учун ишланган йирик гул бўлди. Уни яратишда келиннинг онаси учун либос тикилган вақтда қўлланган анъанавий гул ясаш техникасидан фойдаланилди. Шу тариқа, онанинг тўй либосидаги тарихий деталь янги авлоднинг тўй образида ҳам ўз аксини топди.
Кечки маросим учун эса либоснинг кўриниши ўзгартирилди: корсети ечилиб, янада енгил ва замонавий, икки қисмдан иборат образ яратилди.
Қадимий пирамидалар манзараси, оилавий меросга айланган либос ва унинг замонавий талқини ушбу тўйни нафақат ҳашаматли, балки ўзига хос маъно ва хотираларга бой маросимга айлантирди.































Изоҳлар 0
…