Миср пирамидасида яширин математик код борми?

Миср пирамидасида яширин математик код борми?
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Тадқиқотчи Сайфи Леви Хеопс пирамидаси ўлчамларида Ой, юлдузлар ва сайёралар билан боғлиқ яширин математик тизим бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
  • Унинг ҳисоб-китобларига кўра, пирамида ўлчамларидаги 27,5 ва 70 каби рақамлар Ойнинг перигей даври ва Siriус юлдузининг кўринмай қоладиган даври билан мос келади.

Мисрдаги машҳур Хеопс пирамидаси, яъни Гиза буюк пирамидаси ортида Ой, юлдузлар ва сайёралар билан боғлиқ яширин математик тизим бўлиши мумкин. Тадқиқотчи Сайфи Леви томонидан илгари сурилган янги назарияда иншоотнинг ўлчамларида қадимги мисрликларнинг математика ва астрономия бўйича билимларига ишора қилувчи сонли намуна ва қонуниятлар борлиги тахмин қилинган.

Британия газетаси хабарига кўра, Леви пирамида баландлиги, асоси ва қия томонлари каби асосий ўлчамларни ўрганган. У қадимги Миср математикасида қўлланган касрлар асосида ҳисоб-китоблар олиб борган ва айрим натижалар астрономик цикллар ҳамда математик доимийларга ўхшашини қайд этган.

Тадқиқот SSRN платформасида эълон қилинган мақолага асосланган. Аммо ушбу иш ҳозирча мутахассисларнинг расмий тақриз жараёнидан, яъни peer review’дан ўтмаган.

Пирамида ўлчамларида астрономик ишоралар борми?

Левининг ҳисоб-китобларидан бири 27,5 рақамини берган. Тадқиқотчи бу кўрсаткични Ойнинг Ерга энг яқин келадиган нуқталари — икки кетма-кет перигей оралиғининг тахминан 27,55 кун экани билан боғлайди.

Яна бир ҳисоб-китоб 70 рақамини кўрсатган. Леви бу натижани юлдуз Сириус Қуёшнинг кучли ёруғлиги туфайли кўринмай қоладиган тахминан 70 кунлик давр билан боғлаган.

Унинг таъкидлашича, айрим ҳисоб-китоблар Юпитер, Сатурн, Венера ва Марс каби сайёраларнинг ҳаракатлари билан ҳам мос келиши мумкин. Назарияда, шунингдек, π (пи) ва Олтин нисбат каби математик доимийлар билан эҳтимолий боғлиқликлар ҳам тилга олинган.

Бу қонуниятлар тасодифий пайдо бўлган-бўлмаганини текшириш учун Леви 100 мингта компьютерда яратилган пирамида модели ўлчамлари билан таққослаш ўтказган. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, моделларнинг тахминан 2,4 фоизида шунга ўхшаш натижалар кузатилган.

Тадқиқотчининг фикрича, бу ҳолат Гиза пирамидасининг ўлчамлари маълум тартиб асосида атайлаб танланган бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Бироқ Левининг ўзи ҳам бу натижа қадимги мисрликлар иншоотни махсус математик ёки астрономик код сифатида қурганини исботламаслигини тан олади.

Пирамида аслида қандай мақсадда қурилган?

Гиза буюк пирамидаси тахминан 4 500 йил аввал, фиръавн Хуфу ҳукмронлиги даврида барпо этилган. У анъанага кўра, Хуфунинг дафн мажмуаси таркиби сифатида қаралади.

Бироқ Сайфи Леви бунга бошқача изоҳ таклиф қилмоқда. Унинг назариясига кўра, пирамида фақат мақбара эмас, балки қадимги билимларни сақлаб қолишга хизмат қилган улкан иншоот ҳам бўлиши мумкин.

Тадқиқотчи, шунингдек, пирамиданинг қадимги Миср мифологиясида яратилиш бошланиши билан боғлиқ муқаддас ибтидоий тепалик — “Бенбен” билан эҳтимолий алоқаси бўлиши мумкинлигини ҳам илгари сурган.

Ҳозирча бу ғоялар назария даражасида қолмоқда ва уларни тасдиқлаш учун мустақил мутахассислар томонидан қўшимча тадқиқотлар талаб этилади.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар