Дунёни якка айланган аёл 10 йилдан сўнг йирик авиакомпания капитани бўлди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Хитойлик учувчи Ван Чжен Американ Аирлинес авиакомпаниясида капитанлик лавозимига кўтарилди.
- У 2016 йилда бир двигателли самолётда дунёни якка айланиб чиққан биринчи осиёлик аёл сифатида танилган эди.
- Реклама соҳасида 17 йил ишлаган Ван Чжен 37 ёшида учувчилик касбини эгаллашга қарор қилган.
- У 38,5 минг километрлик тарихий парвозини 18 кун давомида Сиррус SR22 самолётида амалга оширган.
Хитойлик учувчи Ван Чжэн (Julie Wang) American Airlines авиакомпаниясида капитанлик лавозимига кўтарилди. У 10 йил аввал самолётда якка ҳолда дунёни айланиб чиққан биринчи осиёлик аёл сифатида танилган эди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.
Ван Чжэн ўзининг Weibo ижтимоий тармоғидаги саҳифасида янги лавозимга тайинлангани ҳақида хабар берди. У 10 йил аввал бир двигателли самолётда дунёни якка айланиб чиққанини ва бугун авиакомпания капитани сифатида катта масъулиятни ўз зиммасига олаётганини таъкидлади.
«Ўн йил аввал бир двигателли самолётда дунёни якка айланиб чиқиш учун жасорат топганимдан бугун капитанликнинг тўрт чизиғини тақиб, масъулиятни ўз зиммамга олишгача бўлган йўл — ҳаётимнинг ярми давомида босиб ўтган йўлим», — деб ёзди у.
Ван Чжэн АҚШдаги Шукроналик куни арафасида янги лавозимга кўтарилди. У оиласи, дўстлари, устозлари ва 10 йил аввал орзу қилиш ҳамда парвоз қилишга журъат этган ўзининг ўша пайтдаги ҳолатига миннатдорлик билдирди.
17 йил рекламадан кейин учувчиликка ўтган
Ван Чжэн Хитойнинг Чунцин шаҳрида туғилган. Ота-онаси аэрокосмик муҳандислик соҳасида профессор бўлгани сабабли, у болалигидан авиацияга қизиққан. Бироқ у дастлаб реклама соҳасини танлаб, 17 йил давомида шу йўналишда ишлаган.
Оиласи АҚШга кўчиб ўтгач, Ван Чжэн касбини ўзгартириш ҳақида ўйлай бошлади. У авиация соҳасидаги маданий қарашлар ва стереотипларга қарамай, 37 ёшида учувчиликни ўрганишга киришди.
2011 йилда учувчилик лицензиясини олганидан беш йил ўтиб, 2016 йилда у самолётда якка ҳолда дунёни айланиб чиқди. Ушбу парвоз орқали биринчи осиёлик аёл сифатида дунёни якка айлангани билан танилди.
38,5 минг километрлик тарихий парвоз
Ван Чжэн қўшимча ёқилғи баклари ўрнатилган Cirrus SR22 самолётида тахминан 38,5 минг километр масофани босиб ўтди. Парвоз 18 кун давом этди.
Саёҳат АҚШнинг Техас штатидан бошланиб, Тинч океани орқали Гавайи ва Маршалл оролларига, кейин Гуам ва Филиппин орқали Хитойга йўналди. У Хайнань оролидаги Хайкоу шаҳрига қўнганидан сўнг Вьетнам, Лаос, Таиланд, Ҳиндистон ва Яқин Шарқ орқали Европага, кейин Атлантика океани орқали АҚШга қайтди.
Парвознинг энг узоқ босқичи Гавайигача бўлган йўналиш бўлиб, у қарийб 14 соат давом этган.
Ван Чжэн Маршалл оролларида маҳаллий аҳоли билан учрашганида, улар унинг дунёни якка айланиб чиқишга уринаётганидан ҳайратланган. Суҳбатда аҳоли унга машҳур учувчи Амелия Эрхартнинг тақдири ҳақида ҳам гапирган. Эрхарт 1937 йилда Тинч океанида ғойиб бўлган ва унинг самолёти ҳануз топилмаган.
Тарихий парвоз бўйича баҳслар ҳам давом этмоқда
Ван Чжэннинг 2016 йилдаги парвози кенг эътироф этилган бўлса-да, хитойлик бошқа учувчи Чэнь Цзинсянь (Saki Chen) ҳам ушбу тарихий натижага нисбатан ўз даъвосини билдирган. Икки учувчи ўртасидаги ҳуқуқий баҳслар йиллар давомида давом этган.
Шунга қарамай, Ван Чжэннинг авиациядаги фаолияти янги босқичга кўтарилди. Унинг рекламадан учувчиликка ўтиши, 37 ёшида янги касбни бошлаши ва 10 йилдан кейин йирик авиакомпания капитани бўлиши кўпчилик учун илҳомлантирувчи ҳаёт йўлига айланди.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…