Замонавий қушларнинг тухуми нега рангли? Улар динозаврлар авлодими?

  • 6-11-2018, 18:26
  • 535
  • Дунё
  • Замонавий қушларнинг тухуми нега рангли? Улар динозаврлар авлодими?
    Ҳозирги замонавий қушларнинг аксариятида тухумларининг қобиғи турли рангда бўлиб, бу уларнинг ёввойи аждоди ҳисобланган динозаврлардан қушларга мерос бўлиб қолган хусусият эканлигини маълум бўлди. Йель университетидан Жасмина Виеманн бошчилигидаги тадқиқотчиларнинг ушбу хулосаси илмий жамоатчилик орасида машҳур бўлган халқаро "Nature" илмий журналида чоп этилди.

    "Бу бизнинг шу вақтгача бўлган қушлар тухумининг ранги қандай юзага келади деган фикрларимизни ўзгартириб юборади. Деярли икки асрдан бери дунё орнитологлари бир-биридан мустақил равишда тухумларнинг рангли бўлиши ҳозирги замонавий қушларга келиб юзага келган деб ҳисоблашар эди", - дейди Йель университети Геология ва геофизика кафедраси палеонтологи Жасмина Виеманн.

    Қушлар тухумунинг ранги улар яшаётган муҳит ва қушнинг хулқ-атворига боғлиқ равишда турлича бўлади. Ҳозирги замонавий қушларнинг тухум ранглари батафсил текшириб кўрилганда, улардаги жамики ранглар, доғлар, ҳошиялар пайдо бўлишида асосан иккита: кўк-яшил биливердин ва қизил-жигарранг протопорфирин IХ пигментлари фойдаланилганлиги аён бўлади.

    Виеманн ва унинг ҳамкасблари Америка Табиат тарихи музейи ва Бонн университетларида сақланаётган дунёнинг турли минтақаларидан топилган 18 та динозавр тухумларининг қобиғини уларга шикаст етказмаган ҳолда лазер микроспектроскопия усулида айни қобиқлар таркибида юқоридаги икки пигмент мавжуд ёки мавжуд эмаслигини ўрганганлар.

    Тадқиқотчилар ҳақиқий манирапторларга тегишли бўлган динозаврлар, жумладан велосираптор тухум қобиғида айнан мана шу икки пигментнинг мавжуд бўлганини аниқладилар.

    Қуйидаги расм орқали тадқиқотчилар қушлар ва уларнинг аждоди ҳисобланган динозаврлар вакилларининг тухум қобиғи рангининг қандай тадрижий тараққиёт босқичларини босиб ўтганликларини ифодалаб берганлар.

    Тадқиқот муаллифлари тажрибалар давомида олинган натижалар асосида тухум қобиғининг турлича рангда бўлиши ҳозирги замонавий қушларда эмас, аксинча уларнинг аждодлари ҳисобланган динозаврларда ҳосил бўлганлигини, очиқликда қурилган дастлабки динозавр уяларида рангли тухумлар бўлганлигини, улар тухумни турли йиртқичларда ҳимоя қилиш вазифасини ўтаганини хулоса қилишмоқда.

    Тадқиқот ҳақида Америка Табиат тарихи музейи палеонтология бўлими мудири доктор Марк Норелл қуйидагича фикр билдиради: "Тухум пўстлоқларининг рангли бўлиши бир неча юздан бери фақат қушлар учун хос хусусият деб ҳисобланар эди. Лекин мана энди билмоқдамизки, худди патлар ва айрисимон суяк каби тухумларнинг рангли бўлиши ҳам қушлардан бир неча млн йиллар аввал яшаган уларнинг аждодлари ҳисобланган динозаврга ҳам хос хусусият экан".

    » » Замонавий қушларнинг тухуми нега рангли? Улар динозаврлар авлодими?